2023 йил 1 сентябрга қадар Соғлиқни сақлаш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ҳамда Молия вазирлигининг тез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими Тошкент шаҳри тажрибаси асосида республиканинг бошқа ҳудудларида тўлиқ жорий қилинади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида сўз юритилди.

Тез тиббий ёрдамни рақамлаштиришда ягона Call-маркази ташкил этилиб, хизмат доимийлигини таъминлаш мақсадида узлуксиз электр энергия, юқори тезликдаги интернет ва телефон алоқаси, планшет ҳамда компьютерлар билан таъминланади.

Call-марказларда ягона интеллектуал чақирув платформаси, тез тиббий ёрдам автотранспортлари учун GPS ёрдамида сунъий йўлдош мониторинги тизими, ягона электрон автоматлаштирилган бошқарув AБТ “MedData 103″ ҳамда ягона қўнғироқларни қабул қилиш тизими яратилади. Шунингдек, шифохоналарда мавжуд бўш койкаларни онлайн тарзда электрон ахборот тизими орқали кузатиш йўлга қўйилади. Мазкур ишлар учун 56 млрд. сўм маблағ ажратилади.

Тез тиббий ёрдам ходимларини қўшимча рағбатлантириш учун Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармасининг пуллик хизматлари маблағлари жалб этилади.

Айни пайтда тизимни ривожлантириш бўйича замонавий, инновацион ҳамда хорижий тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ қилиш мақсадида консалтинг масалаларига Жаҳон банки грант маблағларини жалб қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

М.Қосимова, ЎзА