Троя шаҳри қолдиқлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилганининг 20 йиллиги муносабати билан Туркияда 2018 йил “Троя йили” деб эълон қилинди. Бу ҳақда чоршанба куни «Жаҳон» ахборот агентлиги ЎзАга маълум қилди.
Троянинг қолдиқлари Туркиянинг шимоли-ғарбий қисмида, Чаноққалъа шаҳри жанубидан 30 километрда жойлашган. Чаноққалъа мамлакатнинг шимоли-ғарбида, Европа ва Осиё қитъалари ўртасида жойлашган.
Қадимда Hellespontos ва Dardanel деб аталган Чаноққалъанинг тарихи милоддан аввалги 8500 йилларга бориб тақалади. Унинг турли ҳудудларида мис, бронза ва темир даврларига оид масканлар ҳамда топилмаларни кўриш мумкин. Бронза даврининг бошидан то бугунги кунга қадар истиқомат маркази ҳисобланадиган Чаноққалъа Онадўлу билан Европа ҳамда Оқ денгиз билан Қора денгизни боғлаб турувчи икки ўтиш ҳудудидан бири саналади. Мазкур ҳудуд Рим ва Византия империялари даврларида ўзининг портлари билан муҳим нуқта ҳисобланган.
Тарихий Галиболу яриморолида кўплаб ёдгорликлар, қалъалар ва истеҳкомлар билан бирга Чаноққалъа жанглари сабаблари, воқеалар ривожи ҳақидаги маълумотларга эга Чаноққалъа достони тарғибот маркази жойлашган. Тарихда кўплаб урушлар майдонларидан бири ҳисобланувчи Галиболу яримороли яқинида ҳар йили 25 апрелда турклар ва дунёнинг турли бурчакларидан келган сайёҳлар иштирокида Анзак куни хотиралаш маросимлари ўтказилади.
Бундан ташқари, ҳудудда қадимий Неандрия шаҳри, Александрия Троас, Кестанбол қайнарбулоқлари, Аполлон Сминтеус ибодатхонаси, тарихий Троя миллий истироҳат боғи, қадимий Ассос (Баҳромқалъа) порт шаҳри, Парион, Приапоз, Ғоз тоғи (Ида) миллий истироҳат боғи, Кулчилар қайнарбулоқлари жой олган.
Чаноққалъа ўзининг анъанавий архитектурасини сақлаб қолган ҳолда гўзал масканлари, Адатепа ва Яшилюрт қишлоқлари, Адатепа зайтунёғи музейи, тошдан қурилган уйлари, мусаффо денгизи, такрорланмас манзаралари, шифобахш сувли Афродита қайнарбулоғи, шаршаралари, дунёга машҳур Ғоз тоғлари (Ида) миллий истироҳат боғи, Бозжа орол (Тенедос) Паленто маёғи, Биби Марям черкови, нафис кўрфазчалар, Айзама қумлоқ соҳили, қадимий Рим уйлари билан безалган тор кўчалар ҳамда дунёга машҳур узум боғларни ҳам ўз ичига олган.
Шунингдек, Троянинг тахминан 20 километр шарқида жойлашган Рим империяси даврига оид икки минг йиллик Камардара Рим сув камари, Ассос ва Парион ҳудудларида жойлашган қадимий шаҳарларга оид топилмалар, Поликсена Лаҳити сақланаётган Чаноққалъа археология музейи, милоддан аввалги 384-387 йилларда Аристоталесга мезбонлик қилган Ассос-Баҳромқалъа, афсонавий Зевс отлари ва бошқалар ҳудуднинг тарихий меросларидир.
Гомернинг “Илиада” ва “Одиссей” достонларида айтиб ўтилган Чаноққалъа вилояти чегарасида жойлашган “Ҳисортепа” деб аталувчи Троя ҳудуди 1871 йили немис археологи Гейнрих Шлайман бошчилигида ташкил этилган қазиш ишларида кашф этилган. Троя қадимий шаҳри бу ҳудудда учрайдиган 9 иншоотнинг 3000 йилдан ортиқ тарихга эга эканлиги ва Онадўлу, Эгей ва Болқон тамаддунларини боғлаб туриши жиҳатидан дунёнинг энг аҳамиятли қадимий шаҳарларидан бири ҳисобланади ва 1998 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.
Жорий йилга мазкур кўҳна шаҳар номи берилгани муносабати билан мамлакатда ва хорижий давлатларда маданий, спорт ва сайёҳлик маросимлари ўтказилиши режалаштирилган.
ЎзА