Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани ҳокимлиги томонидан хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

“Меҳр дафтари”га киритилган, 18 ёшга тўлган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 3 нафар ёшнинг ҳар бирига хонадон харид қилингани бу борадаги эзгу ишларнинг амалдаги ифодаси бўлди.

Туман ҳокимлигида Нукус шаҳрида жойлашган, ҳар бирининг қиймати 130 миллион сўм бўлган мазкур хонадонларнинг калитлари ва ҳужжатларини уй эгаларига топшириш маросими бўлиб ўтди. Шахсий ёки мерос қолдирилган уй-жойи бўлмаган, шунингдек, жорий йилда уй-жойга муҳтож фуқаро сифатида рўйхатга олинган ёшлар энди уйли бўлди. Шунингдек, тумандаги саховатпеша тадбиркорлар томонидан ҳомийлик ёрдами асосида телевизор, уй-рўзғор буюмлари ва бошқа маиший буюмлар совға қилинди.

Янги хонадон эгалари ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга кўрсатаётган алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги учун давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдирди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА