Самарқандда 1 декабрь куни Ўзбекистон – Россия бизнес форуми ўз ишини бошлагани ҳақида хабар берган эдик.

Унда икки давлат вазирлик ва идоралари, минтақалари, тармоқ бирлашмалари ва уюшмалар раҳбарлари, шунингдек, 500 дан ортиқ етакчи компания ҳамда корпорациялар вакиллари иштирок этмоқда.

Бугун форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Михаил Мишустин иштирок этиб, сўзга чиқди.

Жорий йилнинг 15 сентябрида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Президент Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзолади. Ушбу декларация мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб бергани қайд этилди.

Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳити, тадбиркорларга яратилаётган шароитлар ҳақида сўз борганда иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш масалаларига жиддий эътибор берилаётганини таъкидлаш ўринли. Яратилган қулай инвестициявий муҳит, бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар мамлакатимиз иқтисодиёти ўсишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сўнгги йилларда юртимизда бизнес тартиблари анча соддалаштирилди, рухсатнома ва лицензия бериш шартлари оптималлаштирилиб, солиқлар қисқартирилмоқда. Бу чора-тадбирлар қулай бизнес-муҳит яратиш имконини берди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари сони икки баравар ошгани ҳам бу ислоҳотлар самарасидир. Иқтисодиётнинг диверсификация қилиниши натижасида бугунги кунда экспорт таркибида хомашё қаторида тайёр маҳсулотларнинг салмоғи ортиб бормоқда.

Россия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-инвестиция шерикларидан бири саналади. Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдода юқори ўсиш суръатлари кузатилмоқда.

Ҳукуматлар раҳбарлари форум доирасида ташкил этилган “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номли кўргазмада қатнашди.

Кўргазмадан мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган енгил саноат, чарм-пойабзал, электротехника, кимё, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, шунингдек, заргарлик буюмлари ўрин олган.

 

Ғолиб Ҳасанов, Икром Аввалбоев, ЎзА