MOQ_OZK (1).jpg
 

Бугунги кунда ўзбек дзюдоси нафақат қитъамизда, балки жаҳон миқёсида ҳам ўз ўрнига эга. 

Сир эмаски, спорт соҳасида бугунги кундаги асосий мақсадимиз Осиё ўйинлари ва Олимпия ўйинларида кўплаб медалларни қўлга киритиш ҳисобланади.  Нуфузли мусобақаларда ўзбекистонлик спортчиларнинг муваффақиятли иштирокларини таъминлаш йўлида ҳаракат аллақачон бошлаб юборилган.

Шу муносабат билан бугун Миллий олимпия қўмитаси биносида Ўзбекистонда дзюдо федерацияиси ва вилоят бўлимлари вакиллари иштирокида катта йиғилиш ўтказилди.

Унда Миллий олимпия қўмитаси раиси Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов, МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов ҳамда Ўзбекистон дзюдо федерацияси мутасаддилари иштирок этди.

Миллий олимпия қўмитасидан ҳабар қилишларича, йиғилишда Осиё ва Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёни, халқни спортга қизиқтириш, истеъдодли спортчиларни терма жамоаларга жалб этиш, тизимда учраётган муаммоларни ҳал этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

“Осиё ўйинларига тайёргарлик масаласини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон дзюдо федерацияси вакиллари, шунингдек, вилоят бўлимлари раҳбарларини йиғишга қарор қилдик. Шундай вазиятлар бўляптики, улар ҳаттоки бир-бирини танимайди. Нима қилсак, дзюдони янада ривожлантиришимиз мумкин? Осиё, Олимпия ўйинларида медаллар сонини кўпайтириш учун қандай иш олиб боришимиз керак? Лицензия олиш билан мақтаниб юрадиган пайтлар ўтиб кетди. Энди бундай нуфузли ўйинларда юртимиздан ҳақиқий медаль олувчи спортчилар иштирок этадилар. Турнирларда биз қайси спортчимиздан медаль кутишимизни билиб туришимиз лозим”, деди Жасур Матчанов.

Бундан буён дзюдо бўйича ҳар бир вилоятнинг ўз терма жамоаси бўлади. Оммавийликни ошириш мақсадида вилоятлар терма жамоалари ўртасида Республика миқёсида турнирлар ташкил қилинади. Миллий Олимпия қўмитаси раиси бундан буён Олимпия захиралари коллежларининг спорт йўналишларига ўз спортининг мутахассислари қабул қилиши ҳақида айтиб ўтди.

“Энди Олимпия захиралари коллежидаги дзюдо факультетига ким ўқишга кираётганини ўша коллеж директори эмас, терма жамоа бош мураббийи шахсан назорат қилади. Чунки, улар бизнинг асосий захирамиздир. Терма жамоамиз учун номзодлар ўша ерда бўлади”, деди Умид Аҳмаджонов.

Йиғилишда май ойида вилоят терма жамоалари ўртасидаги мусобақа бошланиши ҳақида маълум қилинди. Қолаверса, вилоят бўлимлари мутасаддилари томонидан дзюдо билан шуғулланиш учун база кераклиги, шарт-шароитлар яратилиши лозимлиги айтилди.

“Республика миқёсидаги мусобақаларда энг паст натижалар Сирдарё вилояти спортчиларида экан. Нима қилсак вилоятда дзюдони ривожлантириб юбора оламиз? Спортнинг ушбу тури ривожланиб, рақобат юзага келиши учун нима қилишимиз керак? Татами керак бўладими? Сирдарёдан кимни Олимпия ўйинларига, Осиё ўйинларига олиб борсак бўлади? Қандай мусобақалар ташкил этилиши лозим? Бу борада Сиз мутахассислардан таклифларни кутаман”, деди Умид Аҳмаджонов Сирдарё вилояти бўлими вакилларига қарата.

Учрашув давомида дзюдо федерацияси томонидан пойтахтда семинар ташкил қилиниши режалаштирилаётгани маълум қилинди. Ушбу семинарда вилоят мураббийлари бир ҳафта давомида иштирок этиб, малака оширадилар.

“Керак бўлса худудий федерацияларни янги татамилар билан таъминлаймиз. Олимпия захиралари коллежларига профессионал, халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган татамилар жойлаштирилади. Энди шуғулланишни бошлаётган болаларга эса алоҳида инвентарлар олиб берилади. Бу томондан муаммо бўлмайди. Энг асосийси кам таъминланган оилалардан чиққан истеъдодли спортчилар эътибордан четда қолиб кетмаслиги керак”, деди Умид Аҳмаджонов.

МОҚ раҳбарининг маълум қилишича, асосий эътибор Олимпия спорт турларига қаратилади. Керак бўлса, миллий ва белбоғли кураш, самбо каби спорт турларидан дзюдога спортчилар йўналтирилади. Шунингдек, бундан буён терма жамоа таркибида рақобатни кучайтириш мақсадида ҳар бир вазн тоифасидан тўрт нафар спортчи танлаб олинади. Осиё ўйинларига қадар улар қатъий тартиб асосида мунтазам ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этади. Якунда эса улар орасидан энг кучлиси август ойида Индонезияда ўтказиладиган Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.

Учрашувда Олимпия ўйинлари совриндори, жаҳон чемпиони Ришод Собировдан ҳам бу масалада таклифлар сўралди. Ўзбек дзюдоси афсонаси юртимизда дзюдони ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдирди. Ўз навбатида, бундан буён терма жамоа спортчилари учун қатъий тартиб жорий этилиши таъкидлаб ўтилди. Уларнинг кун тартиби белгилаб берилади. Ўз вақтида машғулотини ўтказиб, дам олиш вақтигача қатъий назорат қилиниши айтилди. Аёллар терма жамоаси учун эса алоҳида дастур ишлаб чиқилади.

 

ЎзА