Нукусда Қорақалпоғистон Композиторлари уюшмаси раиси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Нажиматдин Муҳаммеддинов таваллудининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда композиторнинг касбдошлари, шогирдлари, санъат соҳаси фидойилари, ёзувчи-шоирлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Д.Қурбаниязов сўзга чиқиб, профессионал мусиқа маданияти ривожига катта ҳисса қўшган композитор фаолияти ҳақида гапирди. Н.Муҳаммеддинов Қорақалпоғистон Республикасининг Мадҳияси, шунингдек, қорақалпоқ халқининг дастлабки операси, балети ва симфонияси муаллифидир. Жаҳон мусиқасида Ж.Верди “Отелло” операсини 80 ёшида ёзган бўлса, Н.Муҳаммеддинов 82 ёшида “Гулойим” этно операсини яратди. У бир қанча масъулиятли давлат вазифаларида фаолият юритса ҳам мусиқа дунёсини ўз ҳаётининг мазмуни деб билди.

Истеъдодли, профессионал композитор янги куйлар басталаб, қорақалпоқ мусиқа дунёсида ўзига хос мактаб яратди. Унинг ижодидаги йирик асарлардан И.Юсуповнинг либреттосига ёзилган “Ажиниёз” операси, “Айжамал” илк балети, Н.Даўқараевнинг “Алпомиш” пьесаси, К.Рахмановнинг “Тўққиз тонқилдақ, бир шинкилдек” комедияси, Қорақалпоғистон кантатаси, “Посқан ел” симфоник поэмаси томошабинлар қалбидан чуқур жой олган. Н.Даўқараевнинг “Кўл жағасинда”, “Нукус вальси”, “Кеўил кеўилден сув ичар”, “Яр-яр”, “Бақтим Аму жағаси”, “Ата маканим” каби қўшиқлари миллий мусиқа санъатимизга хазина бўлиб қўшилди. Уларни истеъдодли қўшиқчилар Б.Матжанов, Б.Надиров, М.Хожаниязов, Г.Айимбетова, Р.Қутекеева ва бошқалар ижро этган.

Халқ куйларини халқ созлари оркестри, симфоник оркестр учун аввалгидан ҳам бойитиб, ривожлантириб қайта ишлади. Мана шундай тинимсиз меҳнатлари, ижодий маҳорати муносиб баҳоланиб, Н.Муҳаммеддинов Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби фахрий унвони, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори, шунингдек, “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирланди.

– Ижодкор сифатида мана шундай инсон билан замондош бўлганимдан фахрланаман, унинг ариялари, куйлари, балетларини ёшларга ўргатиб, кейинги авлодларга етказиб бераётганимдан хурсандман, – дейди Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиали профессори, Ўзбекистон композиторлар уюшмаси аъзоси, дирижёр Ҳ.Раджапов. – Филиалимизда устоз-шогирд анъанасини давом эттирган ҳолда композиторнинг асарларини ёшларга ўргатиш ишлари давом этади. Биз ижодкорлар Н.Муҳаммеддиновдан келгусида ҳам ижодий янгиликлар, янги куйларни кутиб қоламиз.

Тадбир давомида Н.Муҳаммеддиновнинг асарларидан иборат Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалининг халқ куйлари ва симфоник оркестри томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА