Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани бўлими, туман Ички ишлар бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қўлбола усулда тайёрланиб, қалбаки акциз маркалар билан елимланган “Қоратов” алкоголь маҳсулоти аниқланди.

Жумладан, Тўрткўл туманидан Бухоро вилояти томон ҳаракатланиб бораётган “ISUZI” русумли юк автомашинаси “Мискин” блок постида тўхтатилиб, автомашина юкхонаси кўздан кечирилганда Бухоро вилояти Ромитан туманида яшовчи “Назар” исмли шахсга тегишли бўлган жами баҳоси 239,7 миллион сўмлик 10 минг 560 (ўн минг беш юз олтмиш) шиша қўлбола усулда тайёрланиб, қалбаки акциз маркалар билан елимланган “Қоратов” алкоголь маҳсулоти аниқланди ва ашёвий далил тариқасида олинди.

Ушбу алкоголь маҳсулотларининг ишлаб чиқариш манбасини аниқлаш юзасидан тезкор тадбир давом эттирилганда Тўрткўл туманида яшовчи Умар исмли шахс “Назар” исмли шахсга 10 минг 560 шиша қалбаки акциз маркалар билан елимланган қўлбола “Қоратов” ароғини 158 миллион 400 минг сўмга сотганлиги аниқланди. Умарнинг яшаш уйи кўздан кечирилганда 5 литр спирт, шишага босиладиган 5 минг 400 дона капсула ва бошқа анжомлар аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА