Испаниянинг Ла Нусия шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган ёш боксчиларимиз Тошкентга қайтиб келди.

Бугун, 28 август куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ватан шаънини муносиб ҳимоя қилган боксчиларимиз Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали кутиб олинди.

Айтиш лозим, Испанияда якунланган жаҳон чемпионатида 73 та давлат қатнашган бўлса, уларнинг 38 таси у ёки бу шаклдаги медалларга эга чиқди. Ўзбекистоннинг ёш боксчилари эса 5 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалларига эга чиққан ҳолда умумжамоада дунё етакчиси эканлигини яна бир карра намойиш этди.

Ҳамюртларимиз бу борада дунёнинг энг кучли жамоалари бўлган Куба, Ҳиндистон, Англия, Қозоғистон, Испания, Украина, АҚШ жамоаларини катта фарқ билан ортда қолдиришга муваффақ бўлди.

Айни ҳолат мамлакатимизда истеъдодли боксчиларни тайёрлаш, саралаш ишлари тўғри олиб борилаётгани, Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Муроджон Аҳмадалиев каби етук боксчиларнинг муносиб издошлари камол топаётганини кўрсатди.

Кутиб олиш тантаналарида мутасаддилар Ватан номини улуғлашдаги ватанпарварлик намунасини кўрсатганлиги учун ёш чемпионларга, уларнинг мураббийларига миннатдорлик билдириб, бу ғалабалар кейинги муваффақиятларга йўл очишини таъкидлади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА