Нукус шаҳрида эркин ва аёллар кураши бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида Олимпия ўйинлари иштирокчилари, Жаҳон чемпионатлари совриндорлари қатнашдики, бу, мусобақаларнинг ҳар жиҳатдан қизиқарли ўтишини таъминлади.
Шиддатли беллашувларда халқаро мусобақаларда муносиб натижаларни қайд этиб келаётган Ғуломжон Абдуллаев, Умиджон Жалолов, Зафар Отахонов, Бобур Исломов каби маҳоратли спортчилар қатори ёш спортчилар Нодиржон Сафаров, Иляс Бекпўлатов, Арслонбек Жумабоев, Ажиниёз Сапарниёзов, Сардор Холматов ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Чемпионатда мунтазам равишда терма жамоанинг асосий таркибидан жой олиб келган Аббос Раҳмонов, Муҳаммадрасул Раҳимов, Ҳасанбой Раҳимов каби тажрибали курашчилар бу сафарги мамлакат чемпионатида 1-ўринга кўтарила олишмади. Бу, «Париж-2024» Олимпия ўйинлари олдидан эркин кураш бўйича мамлакат терма жамоасида ҳар бир вазнда рақобат кучайганлигидан, таркибга бир қатор истеъдодли ёшлар кириб келаётганлигидан далолат бермоқда.
Қизлар ўртасида ўтказилган 10 та вазндаги баҳсларда 100 нафарга яқин курашчилар совринли ўринлар учун баҳслашди.
Қизиқарли беллашувларда Муштарий Толипбекова, Жасмина Иммаева, Дилшода Матназарова, Шоҳида Аҳмедова, Лайло Собирова, Рухшона Абдурасулова, Дилфуза Айимбетова, Феруза Эсенбаева Мардона Қадамова ва Озода Зарипбоева ўз вазнларида 1-ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Т.Рўзиев, ЎзА