Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон чемпионати биринчи лига жамоалари ўртасида ўтказилган сўнгги турда ғалаба қозониб, келгуси йил Про-лигада ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритган “Арал” футбол жамоаси аъзоларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, мамлакатимизда миллионлар ўйини футболни ривожлантиришга қаратилаётган эътиборга тўхталди. Жамоа футболчиларини қўлга киритган ғалабаси билан муборакбод этди.

Шундан сўнг футбол жамоаси мураббийлари ҳамда ўйинчиларига Қорақалпоғистон Республикасининг фахрий унвони ҳамда кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди. Жумладан, “Арал” профессионал футбол клуби бош мураббийи  Неъматулла Қуттибоев “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони,  “Арал” профессионал футбол клуби директори Азамат Алланиязов, бош мураббий ёрдамчиси Айбек Нурбаев, Қорақалпоғистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Исхак Ибрагимов “Ватан фидойиси” кўкрак нишони, барча ўйинчилар “Умид учқуни” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, футбол жамоаси мураббийлари ҳамда ҳар бир ўйинчига 10 миллион сўмдан пул мукофоти берилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА