Нукус шаҳридаги 22-Болалар мусиқа ва санъат мактабида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда таъкидланганидек,  мамлакатимизда таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган қизлар ўз иқтидорини намойиш этмоқда.

Жорий йилда номзодларни саралаш бўйича шаҳар ва туман босқичларида жами 530 нафар иқтидорли қиз иштирок этган бўлса, шундан 83 нафари Қорақалпоғистон Республикаси бўйича саралаш босқичида қатнашди.

Тадбир якунида турли йўналишлар бўйича энг муносиблари танловнинг мамлакат саралаш босқичида қатнашиш учун тавсия этилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА