Хабар берганимиздек, пойтахтимизда Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим беришга бағишланган II Бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтмоқда.

Нуфузли анжуманнинг очилиш маросимида  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

–“Таълим ва тарбияда танаффус бўлмайди”, деган ҳикматли ибора сизларга яхши таниш. Шу сабабли биз Ўзбекистонда олиб бораётган демократик ислоҳотларимиз жараёнида таълим тизимини замонавий талаблар даражасига кўтаришга устувор аҳамият қаратмоқдамиз. Жумладан, ҳозирги вақтда мамлакатимизда 10 мингдан ортиқ ўрта таълим мактаби фаолият кўрсатмоқда.

Сўнгги йилларда олий ўқув муассасалари сони қарийб  2,5 баробар кўпайиб, 186 тага етди. Уларнинг 31 таси дунёдаги етакчи университет ва институтларнинг филиалларидир. Олийгоҳларга қабул квотаси 3,5 баробарга ортганини, олий таълим қамрови эса 9 фоиздан 38 фоизгача ошганини қайд этиш лозим,– деди давлатимиз раҳбари. – Сизларга яхши маълумки, Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган мамлакатимиз қадимдан жаҳон цивилизацияси ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келади.

Диёримиздан етишиб чиққан атоқли алломалар, алгебра фани ва алгоритм тушунчасига асос солган Ал-Хоразмий, минералогия фанининг тамал тошини қўйган Ал-Беруний, дунёда Авиценна номи билан танилган машҳур тиббиёт олими Ибн Сино, бир минг ўн саккизта юлдузнинг координатларини ва ҳаракатини аниқ белгилаб берган буюк астроном Мирзо Улуғбек, Нил дарёсининг сатҳини ўлчовчи ноёб ускуна яратган аллома Аҳмад Фарғоний каби улуғ аждодларимиз ўзларининг бебаҳо асарлари, илмий ва ижодий кашфиётлари билан ўрта асрлардаги биринчи ва иккинчи шарқ ренессанси ривожига улкан ҳисса қўшганлар.

Бу ҳақда сўз борар экан, ўтмишда Бухорода 300 дан ортиқ, Самарқандда эса 120 га яқин ўз даврининг университетлари бўлган мадрасалар фаолият кўрсатганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Азал-азалдан бизнинг юртимизда таълим билан бирга тарбия масаласига беқиёс аҳамият бериб келинади.

Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳар томонлама уйғун ривожланган, юксак билим ва маънавият соҳиби бўлган комил инсон ғоясини илгари сургани сизларга яхши маълум.

20 чи аср бошида фаолият кўрсатган улуғ маърифатпарвар, атоқли адиб ва педагог Абдулла Авлонийнинг:

“Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат,  ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган сўзлари биз учун бугунги кунда ҳам муҳим дастур бўлиб хизмат қилмоқда.

Биз юртимизда учинчи ренессансни барпо этиш масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз.

 

ЎзА