Хабар берганимиздек, пойтахтимизда Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим беришга бағишланган II Бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтмоқда.

Нуфузли анжуманнинг очилиш маросимида  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, ҳозирги вақтда дунё миқёсида кичик ёшдаги болаларни сифатли мактабгача таълим билан таъминлаш борасида қатор муаммолар мавжудлигини инкор этиб бўлмайди.

Кўплаб мамлакатларда қарийб 200 миллион бола мактабгача таълим билан қамраб олинмагани натижасида уларнинг бошланғич билим олиш имкониятлари чекланмоқда.

Ўз навбатида, кейинги бир неча йил давомида коронавирус пандемияси таълим соҳасига ҳам катта салбий таъсир кўрсатгани сир эмас.

Мана шундай синовлар даврида барча давлатларнинг яқин ҳамкорликни янада чуқурлаштириши, халқларимиз ўзаро бирлашиб, муаммоларни биргаликда ҳал этиши нақадар муҳимлигини яққол кўрсатмоқда.

–Шу маънода, бугунги анжуманимиз ҳам Барқарор ривожланиш мақсадларининг муҳим йўналиши ҳисобланган болалар таълими масаласида барчамиз бир бўлиб, янги ёндашувлар ва ечимлар ишлаб чиқишимизга хизмат қилади, деб ишонаман,– деди Шавкат Мирзиёев. – Биз “инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари – олий қадрият”, деган тамойилдан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиз аҳолиси учун муносиб турмуш шароитини яратишни Янги Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгилаганмиз.

Бу борада, авваламбор, ёшлар ва болаларга эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатиш, уларни жисмоний ва маънавий баркамол этиб тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз.

Болаларни кичик ёшдан бошлаб ривожлантириш, уларнинг ўқиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш орқали келажакда ёшларнинг ўзлигини тўла намоён этишига мустаҳкам замин яратаяпмиз.

Зеро, бу каби эзгу мақсадимиз йўлида сарфланган инвестициялар эртага бир неча баробар ортиғи билан қайтишига шубҳа йўқ.

Шу билан бирга, бола шахсиятининг асоси айнан мактабгача таълим ёшида шаклланиши, бу даврда унинг интеллектуал ва жисмоний камолоти учун пойдевор яратилиши ҳаммамизга яхши маълум.

Ҳозирги пайтда юртимизда 3 миллионга яқин мактабгача ёшдаги болалар бор.

Ҳеч шубҳасиз, улар бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз, ёруғ келажагимиз бунёдкорларидир.

 

ЎзА