Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қорақалпоғистон халқ шоири, Қорақалпоғистон Республикасига хизмат кўрсатган санъат арбоби, Бердақ номидаги давлат мукофоти соҳиби Кенесбай Рахманов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Р.Зарикеев, Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмаси масъул котиби Б.Ерназаров, “Амударё” журнали бош муҳаррири, Қорақалпоғистон халқ шоири Х.Даўлетназаров ва бошқалар сўзга чиқиб, шоир, ёзувчи, драматург ва журналистнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, К.Рахмановнинг ижоди ҳақида сўз юритилганда миллий адабиётимиз, маданиятимиз ҳамда санъатимиз ривожи йўлида фидокорона меҳнат қилган, туғилиб ўсган она Ватани, унинг тупроғини муқаддас билган ижодкор, элимизнинг жонкуяр фарзанди кўз олдимизга келади.
Бу йил таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланаётган ижодкор ёшлигидан илоҳий талантини юртимизнинг улуғлигини, гўзаллигини, халқимизнинг поклигини, очиқ кўнгиллигини, маданиятини тарифлаб, уни оқ қоғозга тушириш учун муносиб сўз танлашга сарфлади. Бадиий адабиётнинг назм, наср ва драматургия йўналишларининг ривожига баробар хизмат қилиб, ўзининг ҳеч кимга ўхшамаган ижод йўли билан танилди.
1969 йили Қорақалпоқ давлат педагогика институтини тамомлаб, Қорақалпоғистон телевидение ва радио қўмитасида дастлаб катта муҳаррир, телевидение бўйича бош муҳаррир, Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида адабий бўлим бошлиғи бўлиб ишлаш билан бирга, ижодий майдонда тинимсиз меҳнати, талабчанлиги ва изланувчанлиги билан халқимизнинг ҳурматига сазовор бўлди.
Унинг “Сенга шошиламан”, “Ҳаёт ҳақида ўйлар” , “Ҳаёт сен ёлғизсан”, “Тўнғичимиз қиз бўлса”, “Сен ҳақида шеър”, “Арғумоғим”, “Кузги муҳаббат” шеърий тўпламлари, “Пайғамбар ёшидаги куёв” романи уй кутубхонасини фақат безаб турадиган эмас, балки ҳаёт ташвишларидан чарчаган кўнгилларни илоҳий туйғулар билан тўлдирадиган, ўз даврининг ва бугунги ёшларнинг қалбида Ватанга садоқат, миллий ғояларга ҳурмат ҳиссида тарбиялайдиган, халқимиз севиб ўқийдиган бебаҳо хазинага айланди.
Айниқса, ижодкорнинг миллий драматургия ривожига қўшган катта ҳиссасини алоҳида таъкидлаш лозим. Унинг “Келин”, “Тўққиз тўнқилдоқ ва бир шинқилдак”, “У дунёга таклиф”, “Ярали юраклар”, “Кечиккан баҳор”, “Лаққилар касалхонада” каби пъесалари саҳналаштирилиб, томошабинлар қалбидан чуқур жой олди.
Бутун ҳаётини миллий адабиётимиз, маданиятимиз ва санъатимиз ривожига бағишлаган кўп қиррали ижодкор К.Рахмановнинг порлоқ сиймоси халқимиз ёдида абадий сақланади, унинг асарларини келажак авлод севиб ўқийди.
Тадбир иштирокчиларига ижодкор ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна асари намойиш этилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА