Айни кунларда мамлакатимиз бутун дунё мутахассислари учун мактабгача таълим муаммолари ва йўналишлари муҳокама қилинадиган майдонга айланди. Тошкентда нуфузли анжуман – Эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича II Бутунжаҳон конференцияси бошланди.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ЮНEСКО билан ҳамкорликда ўтказилаётган мазкур конференцияда 1500 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий мутахассис, эксперт ва соҳа ходимлари иштирок этмоқда.

– Мезбон давлат сифатида биз ўзимизнинг илғор тажрибаларимизни кўрсатишимиз, мамлакатдаги мактабгача таълимнинг ижтимоий таркибий қисмини тақдим этишимиз ва жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини муаммолар ва уларни ҳал этиш йўлларига қаратишимиз мумкин, – дейди мамлакатимиз Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин. – Ушбу платформа ёрдамида Ўзбекистонда мактабгача таълим соҳасига сармоя киритиш ва тажрибаларни ўзлаштириш борасида ҳамкорлик алоқаларимиз кенгаяди, деган умиддаман.

Конференция дастури турли долзарб мавзулардан иборат бўлиб, юқори даражадаги ялпи мажлислар, параллель сессиялар ва турли қўшимча тадбирлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, соҳага доир товарлар, хизматлар ва инновацион маҳсулотларнинг халқаро кўргазмаси, матбуот анжуманлари ва маданий тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Конференция якунида мактабгача таълим соҳасининг келгуси ўн йилликдаги стратегияси белгилаб олинади –Тошкент декларацияси қабул қилинади. Ушбу ҳужжатда мактабгача таълим соҳасида Ўзбекистон тажрибаси 2030 йилгача халқаро амалиётда қўлланилади.

 

Моҳигул Қосимова,

Носир Ҳайдаров (сурат),

ЎзА