Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келди.

Самарқанд халқаро аэропортида юқори мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Таъкидлаш жоизки, Туркманистон Туркий давлатлар ташкилотининг саммитида кузатувчи давлат мақомида иштирок этади.

Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг асосий тадбирлари бугун, 11 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида ўтказилаётган саммит кун тартибидан иқтисодиёт, савдо, инвестициялар, транспорт, инновациялар, экология, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ташкилот фаолиятини такомиллаштириш масалалари ўрин олган.

Саммит доирасида ўндан ортиқ ҳужжат имзоланиши режалаштирилган. Хусусан, унинг асосий ҳужжати – Самарқанд декларациясини қабул қилиш кутилмоқда. Унда минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича қўшма ёндашувлар белгилаб берилган.

Икром АВВАЛБОЕВ, Аъло АБДУЛЛАЕВ(сурат), ЎзА