Самарқандда бўлиб ўтган II Ўзбекистон иқтисодий форумида иштирок этган Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Бьерде Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг натижадорлиги тўғрисида қуйидаги фикрларни билдирди.
– Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги 23та мамлакат ичида энг тез ўсаётган давлат ҳисобланади, – дейди Анна Бьерде. –Ислоҳотлар тўғри амалга оширилмоқда. 2026 йилда ўрта даромадли мамлакатлар сафига киришингиз учун кўмак беришга тайёрмиз. Ўзбекистон бозор иқтисодиётига асосланган ислоҳотларни амалга оширяпти. 2016 йилдан бошлаб молия тизимида катта либераллашувни кўрдик.
Таҳлилларга кўра, Ўзбекистоннинг бу йилги натижалари кучли ўсиш суратида. Ўсишни таъминлайдиган баъзи омилларни инобатга олсак, рақамлар келгуси йили янада юқори бўлиши мумкин. Бунинг асоси сифатида Ўзбекистондаги сўнгги йилларда кузатилаётган жиддий ўзгаришлар, бозор иқтисодиётидаги кенг кўламли ислоҳотларни айтиш мумкин. Мисол учун, қишлоқ хўжалиги тармоғи мамлакат иқтисодиёти учун жуда муҳим. Унда амалга ошираётган ислоҳотлар ўзини оқламоқда. Аграр соҳадаги либерализация, ишлаб чиқаришнинг ортгани, нарх-навода ҳам ҳосилдорликда ҳам ўсиш кузатилаётгани экспорт ҳажмини ошириб, тармоқни Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим йўналишига айлантирмоқда.
Давлат раҳбари ўз фуқаролари ислоҳотлар самарасини ҳис қилишидан манфаатдор. Жаҳон банки бу ташаббусларни қўллаб-қувватлаган ҳолда иккита йўналишга урғу қаратмоқда. Камбағалликни қисқартириш ва умумий фаровонликни ошириш. Одамлар яхши даромадли иш ўрнига эга бўлса, уларнинг турмуш тарзи ҳам яхшиланади.
Шуни ҳам айтиш керак, Ўзбекистонда гендер тенглиги бўйича ҳам иш олиб боряпмиз. Ўзбекистонда жуда иқтидорли ва ишбилармон аёллар кўп. Улар жамиятнинг муҳим ишчи кучига айланиши, хусусий тадбиркор сифатида кўпроқ инвестиция олиб киришга интилаётганлигини айтиш мумкин.
Меҳнат бозорида ҳам хотин-қизлар эркаклар билан тенг равишда ҳақ олишни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар бизни хурсанд қиляпти. Биз бу борадаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз. Ҳали қилинадиган ишлар кўп. Жумладан, хусусий секторда бизнес муҳитини янада яхшилаш, ривожлантириш муҳим. Давлат тасарруфидаги корхоналар, банкларни хусусийлаштириш яна бир долзарб вазифалардан.
Шу кунгача кичик корхоналар хусусийлаштирилди. Лекин энди катта-катта қувватларни ҳам хусусийлаштириш вақти келди деб ўйлайман. Бизни қувонтираётгани мамлакатдаги ислоҳотлар ижросига қатъий киришилганидир. Шу каби устувор масалалар бизнинг дастуримиздан ҳам ўрин олган.
Шаҳноза Маматуропова
ЎзА мухбири