Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер Эроннинг Россияга “ер-ер” ракеталарини етказиб бераётганлиги ҳақидаги тахминларни тасдиқлай олмаслигини айтди.

АҚШ Мудофаа вазирлигида ўтказилган брифингда ундан оммавий ахборот воситалари хабарларида Теҳрон Москвага мазкур турдаги ракеталарни, шунингдек, учувчисиз жанговор учоқларни жўнатишга тайёрланаётгани ҳақидаги даъволарини тасдиқлаб бериш сўралган.

“Мен ҳам бу хабарни матбуотдан ўргандим. Айни пайтда менда буни тасдиқловчи ёки инкор этувчи маълумотлар йўқ”, деди котиб.

Август ойида “The Washington Post” газетаси бу мавзуга алоқадор  мақола эълон қилган эди.
Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ўшанда бу хабарни “ҳақиқатга тўғри эмас”, деб баёнот берганди.

ЎзА