Жорий йилнинг 4-12 октябрь кунлари Буюк Британиянинг Брекон шаҳрида разведка ва махсус бўлинмаларнинг “Кембрия патрули” халқаро мусобақаси бўлиб ўтди.

Унда дунёнинг 24 та давлатидан 144 та жамоа иштирок этди. Жумладан, мезбон Буюк Британия, Ўзбекистон, Косово, Греция, Ирландия, Германия, Латвия, Франция, Гана, Италия, Ҳиндистон, Польша, АҚШ,  Швейцария, Литва, Нидерландия, Уэльс, Непал, Шотландия, Австралия, Покистон, Мексика, Албания, Чили, Қозоғистон, Янги Зеландия  Қуролли Кучлари разведка ва махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоалар ўзаро баҳс олиб борди.

Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Мусобақа йўналиши 90 километр масофадаги турли даражадаги мураккаб шартлардан иборат бўлиб, ҳар 8-10 километрда бир нечта жанговар топшириқлар бажарилди.

Шунингдек, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш воситаларидан фойдаланган ҳолда 3 километр масофадаги зарарланган ҳудуддан ўтиш, жойни разведка қилиш ва тоғ дарёсини кесиб ўтиш, ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни эвакуация қилиш, мина тўсиғидан якка ва гуруҳ таркибида ўтиш, душман объектига босқин уюштириш, гаровга олинганларни озод қилиш ва ҳарбий асирларни сўроқ қилиш каби шартларда ҳарбий хизматчилар ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди.

Бундан ташқари, жамоаларга 8 та кутилмаган “тест сюрприз” топшириқлари ҳам берилди. Унга кўра, хорижий давлатлар қурол ва ҳарбий техникаси турларини аниқлаш, симуляция ва алоқа ускуналари ёрдамида артиллерия оловини йўналтириш, ҳарбий топография меъёрларни бажариш, Женева конвенцияси бўйича тест топшириш шартлари бажарилди. Разведка бўйича ҳисоботларни тайёрлаш ва тузиш, алоқа тайёргарлиги бўйича меъёрларни бажариш жараёнлари ҳам қизғин кечди.

Мусобақа натижаларига кўра, биринчи ўринни мезбон давлат – Буюк Британия жамоаси, иккинчи ўринни катта давлатлар жамоаларини ортда қолдирган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси қўлга киритди. Учинчи ўрин Покистон жамоасига насиб этди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси мазкур нуфузли мусобақанинг 2019 йилги баҳсларида биринчи ўринни, 2020-2021 йилларда эса иккинчи ўринни қўлга киритган.

З.ЖОНИБЕКОВ,
ЎзА