Uzbekistan Airports томонидан ишга туширилган @UzairportsBot Telegram-боти энди Fast Track хизмати учун тўловларни қабул қилади

Дастлаб бот функционаллиги реал вақт режимида барча халқаро ва ички рейслар тўғрисида маълумот олиш, шунингдек, уларнинг жадвалидаги ўзгаришларни кузатиш имконияти билан чекланган эди. Энди унинг функционаллиги кенгайди.

Uzbekistan Airports маълумотларига кўра, “Fast Track” хизматидан “Тошкент” халқаро аэропортидан учадиган йўловчилар фойдаланиши мумкин. У йўловчиларга рейсга навбатсиз рўйхатдан ўтиш, божхона ва паспорт назорати, шунингдек, парвоз олдидан текширувдан ўтиш имконини беради.

Ушбу хизмат турини Telegram-бот орқали харид қилиш учун “Тошкент” аэропорти, кейин жўнаб кетиш терминали ва керакли рейсни танлаш етарлидир. Сўнгра бот исм-шарифни лотин тилида киритишни «сўрайди». Шундан сўнг, хизмат ҳақини Uzcard ёки Humo банк карталари воситасида тўлаш мумкин бўлади.

Яқин кунларда аэропорт хизматлари учун тўловларни қабул қилиш функциясини кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Роман БОНДАРЧУК