Жамият ҳаётига оид муҳим қарорлар жамоатчиликнинг фикри инобатга олинган ҳолда қабул қилинмоқда. Айниқса, қонунларни қабул қилишда жамоатчиликнинг иштироки кенгайди.

“Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам жамоатчиликнинг таклифлари, фикрлари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган.

Сенатда мазкур қонунни муҳокама қилиш асносида бу алоҳида қайд этиб ўтилди.

– Ўзбекистон ёки жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахслар, шу жумладан, жамоат ва давлат арбобларининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида уларнинг номини географик объектларга бериш билан боғлиқ масалалар қонунчиликда аниқ тартибга солинмагани сабабли амалиётда муаммолар пайдо бўлаётган эди, – деди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов. – Масалан, номи бериладиган шахсни аниқлаш, бунга қўйилган талаблар мавжуд эмас эди. Бу эса географик объектларнинг номлари қайта-қайта ўзгартирилишига сабаб бўлган. Янги қонун билан қонунчиликдаги бўшлиқлар бартараф этилди.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун 4 моддадан иборат бўлиб, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонуннинг 4 моддасига ўзгартиришлар киритилиб, 2 та янги модда билан тўлдирилмоқда.

Қонунда кўчалар, шоҳкўчалар, маҳаллалар, майдонлар, боғларга ва аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмларига айрим одамлар, жамоат арбоблари, сиёсий арбобларнинг, Ўзбекистон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг исми-шарифини бериш уларнинг вафотидан кейин Вазирлар Маҳкамасининг таклифига биноан Сенат ёки Президент қарорлари асосида ҳамда қоида тариқасида номланиши мавжуд бўлмаган объектларга нисбатан амалга оширилиши белгиланди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Н.Абдураимова, ЎзА