Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Америка Қўшма Штатлари (АҚШ) давлат котибининг глобал алоқалар бўйича ёрдамчиси в.б. Элизабет Кеннеди Трюдони қабул қилди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон – Америка ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, жумладан, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришда “Ўзбекистон бўйича Кокус” (дўстлик гуруҳи)нинг ўрни ва фаолияти самарадорлиги таъкидлаб ўтилди.

Мулоқот давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, аёллар тадбиркорлиги ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, гендер тенгликни таъминлаш борасида фикр алмашилди.

Хусусан, аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида Ўзбекистон парламенти ва ҳукумати томонидан кўрилаётган чоралар, шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Учрашувда савдо-иқтисодий алоқаларни фаол ривожлантириш, икки давлат ҳукуматлари ўртасидаги мунтазам сиёсий алоқаларни фаоллаштириш, маҳаллий ҳокимият органлари билан яқин алоқаларни йўлга қўйиш, алоҳида тармоқлар раҳбарларининг ўзаро ташрифларини амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Бундай ёндашув барча соҳаларда икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

ЎзА