Республикамизда одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигига бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасида қатор ишлар қилинмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси Ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу амалий чораларнинг бир қисми сифатида прокурорларнинг фуқаролик суд ишларини юритишдаги фаолиятини мисол қилиш мумкин.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларида прокурорларнинг қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 131 та даъво аризаси қаноатлантирилган. Айбдорлардан регресс тартибда зарарни ундириш ҳақида 108 миллион сўмлик 23 та ҳамда меҳнат муносабатлари ҳақида жами 244 миллион сўмлик 32 та ариза киритилиб, судлар томонидан қаноатлантирилди. Суд йўналишида фуқароларнинг 50 дан ортиқ мурожаатлари ижобий ҳал қилинган.

Шунингдек, эртанги келажагимиз бўлган болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида ёлғиз она сифатида фарзандга туғилганлик ҳақида гувоҳнома олган, лекин болага оталиги белгиланмаган ҳолатлар учрамоқда.

Прокуратура ташаббуси билан тегишли идоралар билан биргаликда ҳозирда 400 нафардан ортиқ ёлғиз она билан суҳбат қилиниб, ўрганиш ишлари олиб борилди. Натижада бола манфаатида оталикни белгилаш ва алимент ундириш бўйича фуқаролик судларига прокуратура органлари томонидан 24 та даъво ариза киритилди.

Шунингдек, бола ва ёлғиз онанинг манфаатида алоҳида яшаётган отадан боланинг даволаниши учун сарфланган қўшимча харажатларни ундириш бўйича фуқаролик судларига 5 та ҳамда ҳар ойда қатъий суммада моддий таъминот ундириш бўйича 15 та даъво ариза киритилиб, судлар томонидан қаноатлантирилди.

Шу билан бирга, жамиятимизда айрим ҳолатларда ўз фарзандларига нисбатан ота-оналик ҳуқуқ ва мажбуриятларини бажармасдан келган ота-оналар учрамоқда. Мазкур ҳолатларда, Оила кодексида белгиланган тартибда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича судларга прокурорлар томонидан 9 та даъво ариза киритилган бўлса, шундан 7 таси қаноатлантирилди, қолганлари судда кўриб чиқилмоқда.

Ҳозирда қонунда кўрсатилган тартибда боланинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ишлар давом этмоқда.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА