Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган давр мобайнида замонавий қулайликларга эга бўлган ипотека дастурлари доирасида 140 мингдан ортиқ уй-жой барпо этилди. Бу 2016 йилдан олдинги даврга нисбатан қарийб 10 мартага кўп.

Бироқ, шунга қарамасда уй-жойга бўлган талаб ҳамон юқорилигича қолмоқда. Мутахассисларнинг маълумотига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун йилига камида 100-150 мингта уй-жой барпо этилиши керак бўлади. Давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра, ҳар йили мамлакатимизда 300 мингга яқин никоҳлар қайд этилади. Аҳоли сони келгуси беш йилда 38 миллионга етиши кутилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, юртимиз аҳолисининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам айни шу мақсадга йўналтирилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, мазкур ҳужжатга мувофиқ, Фарғона вилояти Боғдод туманида барпо этилган “Мурувват” массиви намунаси асосида барча ҳудудларда барча иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилмоқда.

Фармонга мувофиқ, 29 та маҳалла ва массив учун 1 минг 15 гектар ер майдони танлаб олинди. Уларда кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа, бозор инфратузилмаси ва муҳандислик объектларини жойлаштириш бўйича бош режа лойиҳалари ишлаб чиқилди. Унга кўра, келгуси йилда 21 минг 312 та хонадондан иборат 619 та уй, 18 та мактаб, 24 та боғча, 15 та оилавий поликлиника қуриш кўзда тутилган.

Эътиборли жиҳати шундаки, юқорида номи келтирилган ҳужжатга асосан, ер ажратиш, бош режа ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш, буюртмачи ва пудратчиларни аниқлаш масаласи ҳал этилмоқда. Шунингдек, уларни молиялаштириш, ипотека кредитларини ажратиш, металл ва цемент билан таъминлаш, муҳандислик коммуникациялари ва инфратузилма объектларини қуриш ишлари олиб борляпти.

Яна бир янгилик, кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича ўтказилган электрон онлайн-аукцион ғолибларига имкониятлар яратилмоқда. Масалан, электрон онлайн-аукцион ғолибларига лот қийматининг 30 фоизини аукцион якунланган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай, қолган қисмини 12 ой давомида тенг миқдорда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилди.

Жорий йил 1 январдан бошлаб пудрат ташкилотларига давлат рўйхатидан ўтказилган қурилиши тугалланмаган, том ёпиш ишлари бажарилган кўп квартирали уй-жойларни кредит таъминоти сифатида гаровга тақдим этишга рухсат этилди. 2023 йил 1 январга қадар, цемент маҳсулоти ва энергия тежамкор базальт қопламалари импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади. “Янги Ўзбекистон” массивларида, шунингдек, олдинги йилларда барпо этилган массивларда ва уларнинг бўш турган ер участкаларида уй-жой қурувчи ташкилотлар учун цемент ҳамда металл прокатини сотиш бўйича алоҳида биржа савдо секцияси жорий қилинди.

Бундан ташқари, цемент ишлаб чиқарувчилардан фойда солиғи 20 фоиздан 15 фоизгача, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ 2 бараварга камайтирилди. Шунингдек, цемент импорти учун имтиёзлар муддати яна бир йилга узайтирилади. Булар ҳам уйлар нархи сезиларли тушишига сабаб бўлади. 2024 йил 1 январга қадар рўйхати иловада кўрсатилган янги қурилиш ва махсус техникалар ҳамда юк ташиш транспорт воситалари импортида божхона божи ва утилизация йиғимининг ноль ставкаси қўлланилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 1 майдаги “Аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан жорий этилган хусусий пудрат ташкилотларининг тижорат банкларидан олган кредитлари бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кафиллик ва компенсация тўлаш тартиби 2022 йил 31 декабрга қадар узайтирилган.

Унга кўра, кафиллик ва компенсациялар Тошкент шаҳрида 9 ва ундан юқори, бошқа шаҳарларда эса 7 ва ундан юқори, қишлоқ жойларда 5 ва ундан юқори қаватли уй-жой қурилиши учун ажратилган ва битта уй-жой учун кредитнинг 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган қисми бўйича берилади.

– Ҳудудларда қуриладиган кўп қаватли уйларнинг 9 типдаги энергия самарадор намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилган, – дейди Қурилиш вазирлиги бошкарма бошлиғи ўринбосари Элёр Комилов. –  Айни вақтда янада тежамкор ва арзон уйлар бўйича намунавий лойиҳалар тайёрланяпти. Энг муҳими мазкур уйлар қурилишида рейтинги 3 та “С” дан юқори пудрат ташкилотлари иштирок этади. Бу дегани янгидан бунёд этилаётган уй-жойлар, ижтимоий объектлар сифати жаҳон стандартларига жавоб беради. Бугунги кунда бу каби салоҳиятли пудрат ташкилотлари сони 4 минг 876 тани ташкил этади. Яъни, режадаги уйлар қурилиши учун қурилиш қувватлари ва имкониятлари етарли. Шу ўринда айтиш жоиз, ушбу уйлар қурилишида маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланиш, иссиқлик тежовчи қопламалар ва замонавий технологияларни қўллаш таъминланади. Бунинг учун қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар билан ҳам ишланмоқда.

Келгусида ушбу ишларни индустрия даражасига кўтариб, уй-жой қурилиши кластерларини ташкил этиш бўйича ҳам ишланмоқда. Дастлабки босқичда Тошкент шаҳри, Фарғона, Навоий, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида кластерларни ташкил қилиш мақсадга мувофиқ. Чунки мазкур ҳудудларда етарлича миқдорда пудрат ташкилотлари, лойиҳа институтлари, ишлаб чиқариш корхоналари, хом ашё базаси ва инфратузилма мавжуд.

Дастур ижросини тўлиқ таъминлаш, уйларни сифатли қуриш ва массивларни комплекс барпо этиш бўйича барча чоралар кўрилади. Бу шароит ва имкониятлар яратилиб, муаммолар ҳал этилган. Биргина мисол, “Янги Ўзбекистон” массивлари туркумига кирувчи илк экошаҳар Фарғона вилояти марказида 300 гектар майдонда бунёд этилмоқда. Биринчи босқичда 80 та кўп қаватли уй қуриш режалаштирилган. Экошаҳар икки йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилмоқда. Жанубий Корея тажрибаси асосида ушбу шаҳарчанинг лойиҳаси ишлаб чиқилган. 7, 9, 12, 25-қаватли уйларнинг нархи аҳолига мақбул келадиган қилиб белгиланмоқда.

Айни вақтда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида “Янги Ўзбекистон” массивлари шиддат билан қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Энг муҳими, янги массивларда қуриладиган уйларнинг мингтаси эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз аёллар учун давлат томонидан сотиб олиниши, бунинг учун, қурилиш ташкилотларига 220 миллиард сўм олдиндан ўтказиб берилиши кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, “Янги Ўзбекистон” массивлари комплекс ривожланиш тамойили асосида барпо этиляпти. Ҳар бир массивда саноат лойиҳалари, хизмат кўрсатиш объектлари ва ижтимоий инфратузилма бир вақтда қурилиши натижасида у ерда одамлар ҳам уйли, ҳам ишли бўлади.

Шаҳноза Маматуропова, 
ЎзА