Алишер Навоий ижодида Наврўз таърифи, Наврўз шукуҳи тасвири алоҳида ўрин тутади. Шоирнинг деярли барча асарлари – ғазаллари, достонлари, “Тарихи мулуки Ажам”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”, “Муншаот” каби насрий асарларида ҳам Наврўз билан боғлиқ фикр-маълумотлар, таърифу тавсифлар, образли иборалар, бетакрор қофияларга дуч келамиз. Бу сўз Навоий ижодида нафақат Наврўзни, умуман, баҳорни билдириб келади.
Маълумки, Наврўз шамсий йил – Қуёш тақвими бўйича янги йилнинг биринчи куни (март ойининг 21-кунига тўғри келади). Қуёш Ҳамал буржига кирган Фарвардин ойининг биринчи куни. Қадимги фалакиёт илмига кўра, 12 бурж мавжуд бўлиб, қуёш йил давомида ҳар бир буржда бир ойдан бўлади. Охирги бурж – Ҳутдан биринчи бурж – Ҳамалга ўтган кундан шамсий йил бошланади.
Наврўз байрамига афсонавий Жамшид асос солган. У қадимги Эроннинг пешдодийлар сулоласига мансуб учинчи ҳукмдори бўлган. Алишер Навоий “Тарихи мулуки Ажам” асарида ёзишича ҳам, у Истахр шаҳрида: “улуқ биное солдиким, ҳоло осори ва нишоналари борким, одамизод андоқ ясамоқ маҳол кўрунурким, киши кўрмагунча бовар қилмас. Ва ани Чиҳилминор дерлар. Чун бу иморат туганди, олам салотин ва ашроф ва акобирин йиғиб, анда азим жашн қилди. Ул вақтким, қуёш нуқтаи эътидоли рубъиға таҳвил қилиб эрди, ул бинода тахт устида ўлтуруб, адолат сийт ва садосин оламға мунташир қилди ва ул куннинг отин Наврўз қўйди”. Навоийнинг насрда ёзган бу маълумотлари Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сида битган қуйидаги байтларини ёдга солади:
Йил боши Хурмузу эди фарвардин,
Дилда на ғам қолди, на адоват-кин.
Бу бахтиёр кунни ўшандан буён,
Шоҳлардан ёдгор деб билурлар ҳамон.
Ҳазрат Алишер Навоий ўз асарларида баҳор фасли билан боғлиқ тасвирларни ҳам мароқ билан ёзар экан, Наврўзни ҳам тилга олган ва бунинг ёрқин мисоли “Лайли ва Мажнун” достонида битган “Баҳор васфи“ номли бобидир. Уни қайсидир маънода улуғ шоирнинг баҳор ва Наврўз ҳақидаги ҳайратлари дейиш мумкин. Бобни шоир гўё донишманд халқимизнинг “Ҳамал кирди – амал кирди”, “Ҳамал кирди, экинларга амал кирди”, деган қадимий мақолига поэтик ишораси билан бошланган:
Меҳр истади чун ҳамал фароғи,
Дашт узра бутар қўзи қулоғи.
Гул шамъи ҳавойи гулшан айлар,
Гулшанни фуруғи равшан айлар.
Шоир бобнинг кейинги тасвирларида эса баҳор осмонида етти рангда товланувчи камалаги, қут-барака келтирувчи ёмғирлари, кўзу кўнгилни бирдек яйратувчи гуллари билан фасллар келинчаги, тириклик тимсоли, дея баҳорни бор бўйи-басти билан тараннум қилади. Навоий мазкур бобда баҳорни ишқ ва муҳаббат фасли сифатида ҳам баҳолар экан, достоннинг мавзу-мундарижасидан келиб чиқиб, Лайли ва Мажнун муҳаббати ҳақида ҳам гўзал тасвирлар битганки, буни назарий жиҳатдан достон сюжетидаги воқеалар ривожининг бошланиши деб баҳолаш мумкин. Қизиғи шундаки, у Лайли тилида бир ўринда Наврўз сўзини “насими Наврўз” форсий изофа шаклида (бирикма) маҳорат билан қўллаган ҳамда “Наврўз – мажлисафрўз” шаклидаги қофиялар яратган. Мажнунни ғамга ботган ҳолатда кўрган, муҳаббатидан бехабар Лайли қизларга хос зийраклик, аммо хижолат билан, яъни шоир сўзлари билан айтганда, “Бал хижлати беҳисоб бирла” Мажнунни “Қандай ғаму маломат борки, ўзгалардек шодлигинг, ободлигинг йўқ, дўстлар кўнгли баҳорда, Наврўзда, боғу гулзорда бўлса, сенинг жисмингда жароҳат, кўнглингда зор бордек”, дея саволларга тутади. Ва Нажд тоғи этакларидан эсиб келаётган Наврўз насими, баҳор тароватини Мажнунга эслатади.
Бу дамки эсиб насими Наврўз,
Гул атрини қилди мажлисафрўз.
Боғ ўлди баҳордин гулафшон,
Сунбул бу гул узра кокулафшон.
Бу фаслда азми гулшан этгай,
Бўстон ҳарамини маскан этгай.
Бор онинг учунки, шод бўлғай,
Ҳар бандиға бир кушод бўлғай.
Наврўз насими эсиб турган шу дамда Мажнун ўзининг руҳий ва жисмоний ҳолатини бирма-бир шарҳлайди ҳамда ўртаниб “Кўнглумни бурун назарда олғон”, “Кўнглумнинг ишини охир этгон”, “Кўнглумники олмишанг ниҳони, Сендин ола олмоғум худ они”, дея Лайлига кўнглини очади, алам аралаш муҳаббатини изҳор қилиб, ҳушидан кетади. Алқисса, “Фироқнома”ни “Йиғлай-йиғлай тугаттим охир”, деган шоирнинг баҳорни, Наврўз насимини ул икки ошиққа ўзгача илинганининг гувоҳи бўлар эканмиз, сабаби эса, фалсафий мушоҳада қилсак, жавобини шоир бизга достоннинг боди сабога айтган мунгли мурожаатида гўё шундай тушунтиради:
Ул икки ягонаи замона
Ким, ишқда келдилар ягона.
“Садди Искандарий” достонининг 19-бобида шоир Наврўз сўзини бутун борлиқни бирдек, сахийлик билан яшнатувчи баҳор фасли ҳамда тоғу даштга ёғувчи баҳорнинг сероб қут ёмғирлари ва бутун халқ умиду шукрона билан орзиқиб кутадиган йилбоши байрами, яъни Наврўз байрами маъноларида санъаткорона қўллаган ҳамда адолат барчанинг тенглигидир, деган ўзининг ижтимоий фикрларига тамсил қилиб келтирган ва ҳам доимгидек улуғ шоир Наврўз сўзини қофияга чиқариб, “наврўздек – жаҳонсўздек” каби қофиялар яратган:
Адолат аро фасли Наврўздек,
Сиёсатда барки жаҳонсўздек.
Адолати баҳордек, баҳор ёмғирларидек ва Наврўздек бўлса, сиёсати эса гўё оламни куйдирувчи баҳор чақмоғидекдир. Адолат ва сиёсат тушунчаларини бундай шаклда, яъни халқнинг кўнглига яқин тушунча, ҳодисалар билан қиёслаш, барча осонлик билан тушунадиган, ёдида қоладиган усулда тушунтириб бериш Навоий ижодига, услубига хос маҳоратни кўрсатувчи бетакрор поэтик ҳамда дидактик топилмадир. Чунки адл, адолатни Наврўзга қиёслаш фақат ва фақат Навоий ижодида учрайди.
Достоннинг Ҳусайн Бойқаронинг кичик ўғли Музаффар Ҳусайн мирзога бағишланган 84-бобида эса шоир ўзининг “Оллоҳга шукрким, йил яхши келиб, бахтим, ғайратим, илҳомим ижодий ишимга ривож бериб, бу шоҳона китобни, яъни энг катта достон – 89-бобдан иборат “Садди Искандарий”ни тугатдим, тугатганда ҳам безаб тугатдим” деган шукронасини баён этиб (шукронасида шоир “Хамса”нинг ҳам омадли якунланганлигига ишора қилган – Б.Р.), шаҳзодага шоирона лутф, устозларга хос талабу меҳр билан насиҳатлар, тилагу истаклар битар экан, йилнинг яхши келиши Наврўздан, баҳордан маълум бўлганидек, элу юрт унинг оламни ёритувчи юзидан кўп умидвор, деган ҳаётий хулосаларининг бадиий талқинини қуйидагича тасвирлайди:
Улус чеҳраи олам афрўзидин,
“Билур йил келишини Наврўзидин”.
Кўриниб турибдики, шоир байтда ирсоли масал санъати ёрдамида доно халқимизнинг “Йилнинг яхши келиши баҳордан маълум” деган мақолини ўринли ишлатган. Навоий байтда баҳор сўзи ўрнида Наврўз сўзини қўллаб, сўз ўйини қилади, биринчидан, Наврўз айёмига ишора қилса, иккинчидан эса “афрўзидин-Наврўзидин” шаклда гўзал ва мантиқан изчил қофиялар ижод қилган ҳамда талмеҳ, таносуб санъатлари воситасида баҳор чоғи, янги йил кирган вақтга, дуо, тилак, ниятлар ижобат бўладиган кунга ҳам ишоралар қилган. Демак, шоир ушбу ишоралари билан нафақат шаҳзодани, балки бутун инсонларни эзгуликка ундагани шубҳасиз.
Навоий “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”да устозига нисбатан Наврўз сўзини қўллаб “Паҳлавоннинг суҳбати Наврўз байрамича эрди” дея жуда гўзал ва оҳорли лутф қиладики, назаримизда, бундай лутф Наврўзни байрам сифатида нишонлайдиган халқлар дидактикасида, педагогик қарашлар тарихида учрамаса керак. Бу қадрли ва қимматли баҳо ўзи ва ўзгага жўшқинлик, кўтаринки кайфият улашувчи ҳам устоз, ҳам шогирд онгидаги, қалбидаги, руҳиятидаги, жисмидаги, хонадонидаги барча ғуборларни кўтариб, саломатлик, хотиржамлик, “Кенг феъл – кетмас давлат”га етказувчи ўхшаши йўқ илҳом, қиёс, менгзашдир, аслида. “Муншаот”га киритган мактубларидан биринчисида баҳор фаслига тўхталар экан, Навоий “Наврўзи насими” бирикмасини ишлатган: “Тоғ-тоғ ниёз рафъидин сўнгра қоф-қоф ихлос юзидин маъруз улким, бу фаслдаким, Наврўз насимининг мушкбезлиги лола димоғин савдойи ва баҳор салқинининг атренгезлиги булут мизожни ҳавойи қилибтурур, лоладек савдойилиғдин тоғ ҳавоси қилиб, булутдек ҳавойилиғдин қаё савдоси бошқа тушти”.
Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг «Деҳқонлар зикрида” номли 31-фаслида бободеҳқоннинг “Қўши ҳам икки зўр паҳлавон”, “Ҳар қаён қилсалар ҳаракат, элга ҳам қут еткурур, ҳам барокат”, “Деҳқонки, тузлик била дона сочар, Ҳақ бирига етти юз эшигин очар…” каби ҳаётий тасвирлару тушунтиришларини бемалол шоирнинг баҳор ва Наврўз билан боғлиқ нуқталари деб баҳолаш мумкин.
Шоир ғазалларида ҳам Наврўз таърифи кўп учрайди. “Хазойин ул-маоний”нинг ўзида 5 та ғазал бевосита Наврўз таърифига бағишланган . Жумладан:
Васл аро, кўрдум, тенг эмиш бўйию сочи,
Тун-кун тенг экан зоҳир ўлур бўлди чу Наврўз.
Ушбу байтда Навоий ёрнинг узун сочлари тасвирига табиатга, наврўзга хос ҳодисалардан бири бу – 21 мартда тун ва куннинг тенг келишини тамсил қилган ва тамсил санъатининг гўзал намунасини яратган, бу эса байтдаги тасвирнинг ҳаётий ва жонли чиқишига хизмат қилган.
Ёки:
Зулфу рухсор ила комимға мени еткурсанг,
Ҳар тунунг Қадр ўлубон, ҳар кунунг ўлсун Наврўз.
Мазкур байтда шоир агар лирик қаҳрамон ўз ёри билан мақсадига етса, даражаси халқ орасида қадимдан мавжуд бўлган дуо, тилак характеридаги Ҳар тунунг Қадр ўлубон, ҳар кунунг ўлсун Наврўз, деган ҳикматга (баъзи манбаларда бу дуо-тилак Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассаллам томонидан айтилгани ёзилади – Б.Р.) ҳамоҳанглигини таъкидлаган.
Шуни алоҳида кўрсатиш лозимки, Навоий ҳар икки байтда ҳам Наврўз сўзини ҳар икки ғазалда яратган қофиялар тизимида сақлай олган.
Ёки:
Мувофиқ кийдилар, бўлмиш магар Наврўз ила байрам,
Чаман сарви ёшил хилъат, менинг сарви равоним ҳам.
Навоий “Девони Фоний” девонида “Зи ҳи гулҳо зада чок аз ғами рўят гиребонҳо” мисраси билан бошланувчи 9 байтли ғазалида Наврўзни “боди Наврўз” форсий изофа шаклида қўллаган:
Чаман аз мақдамат жон ёфта, н-аз боди Наврузист,
Таҳаррук дар шажарҳо, жилва дар гулҳою райҳонҳо!
(Таржимаси: Дарахтларнинг тебраниши, гул ва райҳонларнинг жилваси Наврўз елидан эмас, чаман сенинг қадамингдан жон топғанидадир).
Мухтасар айтганда, Наврўз таровати шоирга айрича илҳом бағишлаган. Наврўз муносабати билан у баҳор гўзаллиги, ёр гўзаллиги, юрт табиатининг бетакрорлигини қаламга олган.
Буробия Ражабова,
ЎзФА Тил, адабиёт ва фольклор институти
катта илмий ходими, филология фанлари номзоди.

 

ЎзА