Исроилнинг “MIGnews” электрон нашрида ШҲТ Самарқанд саммитига бағишланган мақола чоп этилди.

Манбанинг таъкидлашича, мазкур саммит сўнгги уч йилда илк бор юзма-юз бўлиб ўтади ва унда 15 давлат ва 10 халқаро ташкилот раҳбарлари қатнашади.

“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммити кун тартиби ва ташкилот фаолиятини янгилашга қаратилган қатор илғор ташаббус ва таклифлар билан чиқиши кутилмоқда”, – деб ёзади “MIGnews”.

Таъкидланишича, ШҲТ бугунги кунда трансформация жараёнини бошдан кечирмоқда. Бу унинг сон жиҳатдан таркибини кенгайтириш ва ташкилот ичидаги ва атрофидаги ўзгарувчан реалликлар билан боғлиқ.

Самарқандда Эрон мажбуриятлари бўйича Меморандум имзоланиб, ушбу мамлакатнинг ташкилотга қўшилишига йўл очилади, Миср, Қатар ва Саудия Арабистони билан мулоқот бўйича шерик мақомини бериш тўғрисидаги меморандумлар имзоланади.

Баҳрайн ва Мальдив ороллари билан ҳамкорлик мақомини олишга аризалар қабул қилиниши кутилмоқда, дейилади мақолада.
“Шунингдек, саммитда қатор муҳим қарорларни имзолаш режалаштирилган. ШҲТ доирасида кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган 30 та келишилган ҳужжат лойиҳалари аллақачон тайёрлаб бўлинган”, деб ёзади Исроил янгиликлар портали.

ЎзА