Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Қозоғистон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Дархон Сатибалдини қабул қилди.

Учрашувда элчининг Ўзбекистон – Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси эътироф этилди.

Вазир Д.Сатибалдини Туркистон вилояти Аким лавозимига тайинлангани билан табриклаб, унга касбий фаолиятида муваффақият тилади.
Томонлар турли соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболини муҳокама қилдилар.
Д.Сатибалди уч йиллик фаолияти давомида мамлакатни тубдан ўзгартириб, халқ фаровонлиги юксалишига хизмат қилган жадал ўзгаришларга гувоҳ бўлганини таъкидлади.

Элчи Ўзбекистон томонига дипломатик фаолиятини амалга оширишда қўллаб-қувватлагани ва яратилган шароитлар учун чуқур миннатдорлик билдирди.
У, шунингдек, дўст бўлиб қолиш баробарида Ўзбекистон – Қозоғистон алоқасини мустаҳкамлаш учун барча саъй-ҳаракатни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Б.Худойбердиев,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА