Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2 март куни Навоий вилоятига келди.

Навоий вилояти ўзининг меҳнаткаш халқи, ерости ва ерусти бойликлари, улкан иқтисодий салоҳияти билан мамлакатимизда алоҳида ўринга эга. Вилоятда кончилик, металлургия, кимё, энергетика, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати изчил ривожланган.

Бугун вилоятда йирик саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент”, “Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятлари ва “Электркимёзаводи” қўшма корхонаси шулар жумласидандир.

Президентимиз ўтган йил 28 март куни вилоятга ташриф буюриб, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёни ишлар билан танишган эди.

Орадан ўтган бир йил давомида вилоятда улкан ишлар амалга оширилди. Ижро жараёни давлат раҳбарининг шахсий назоратида.

Президентимизнинг бу сафарги ташрифи ҳам ана шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Давлат раҳбари дастлаб, Кармана туманидаги «Karmana golden eggs» масъулияти чекланган жамиятида бўлди. Уни ташкил қилиш бўйича лойиҳа ўтган йил март ойида Президентга тақдим қилинган эди.

Орадан ўтган вақт давомида биринчи босқичдаги ишлар бошланди. 90 кунда жўжа етиштиришга мўлжалланган паррандачилик комплексида эллик иш ўрни яратилди. Мажмуада жўжа 90 кун давомида парваришланиб, тухим берадиган товуқ ҳолида сотувга чиқарилади.

Президент Шавкат Мирзиёев лойиҳа ташаббускори билан келажак режалари ҳақида суҳбатлашди. Маълум қилинганидек, 2019 йилда инкубация, тухим етиштириш комплексларини ишга тушириш мўлжалланган. Олинадиган маҳсулотнинг 30 фоизи экспортга чиқарилади, 100 кишининг бандлиги таъминланади.

– Паррандачилик бўйича тизим яратилибди, – деди Президент. – Энди бу ерда тухим етиштириш ва уни экспортга чиқаришни йўлга қўйиш лозим.

 

Абу Бакир Ўрозов, ЎзА