Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, янгича тизим йўлга қўйилди.
Эндиликда Ҳажга бормоқчи бўлган фуқаро аввал ушбу зиёратга бормаган бўлиши, Умрага бормоқчи бўлганлар эса сўнгги икки йил мобайнида Умра ёки сўнгги беш йилда Ҳаж тадбирини адо этмаган бўлиши керак. Ҳажга борадиган номзодларни маҳалла фуқаролар йиғини миқёсида саралаб олиш учун туман (шаҳар) ҳокими томонидан 7 кишидан иборат ишчи гуруҳ тузилади. Ишчи гуруҳ таркибига, қоидага кўра, туман (шаҳар) бош имоми, маҳаллага бириктирилган имом, маҳалла раиси, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, профилактика инспектори, хотин-қизлар қўмитаси ва “Нуроний” жамғармаси вакиллари киритилади.
Самарқанд вилоятида ҳам аҳоли ўртасида Ҳаж ва Умра зиёратларининг тартиб-қоидалари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва саралаш мезонлари тушунтирилиб, муносиб фуқаролар танланмоқда.
– Ҳаж ва Умра мусулмонлар учун энг муқаддас зиёрат. Бундай ниятни амалга оширишни истаган кишилар зиёрат амалларини тўғри ва тўла-тўкис адо этиш учун етарли диний билимга эга бўлиши, маънавияти, одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборли, оиласидаги муҳит соғломлиги, фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалладаги соғлом муҳитни яхшилашда ибрат бўла олиши, йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтаришга лаёқатли бўлиши лозим, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги раҳбари, вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов. – Шунингдек, номзоднинг моддий аҳволига ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги, у сафардан қайтиб келгунича рўзғори етарли даражада таъминланган бўлиши, зиёрат амалларини бажариш учун саломатлиги тўғри келиши ҳисобга олинади. Аввал Ҳажга борган фуқаро қайта юборилмайди, деган талабни халқимиз тўғри тушуниши керак. Чунки юртимизда ушбу муборак сафарга боришни истовчи фуқароларимиз жудаям кўп. Ҳаж – инсон ҳаётида бир марта адо этилиши лозим бўлган ибодат. Ишчи гуруҳлар томонидан номзодлар билан ўтказилаётган суҳбатларда шу каби жиҳатлар тушунтирилмоқда.
Бугунги кунда вилоятда Ҳаж зиёратига сараланган номзодлар маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит соғломлигини таъминлаш, ёшларни турли ёт иллатлардан асраш, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга ёрдам бермоқда. Меҳр-мурувват тадбирларида фаол иштирок этаётир.
– Ишчи гуруҳ хулосаси ва жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлаши билан маҳалламиздан бу йил икки нафар фуқаро Ҳаж зиёратига бориш учун асосий номзодлар сифатида рўйхатга олинди, – дейди Самарқанд шаҳридаги “Дари-занжир” маҳалла фуқаролар йиғини раиси В.Ражабов. – Бу икки маҳалладошимиз ҳам аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга, оиласи тинч, намунали, қўни-қўшнилар, эҳтиёжманд оилаларга мурувватли кишилар ҳисобланади. Улар айни пайтда махсус ҳисобдан чиқарилган шахслар, кам таъминланган оилалар билан ишлашда бизга яқиндан кўмаклашмоқда.