Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз

Кўп миллатли халқимиз ҳаётида шундай бир улуғ ва қадрли кун борки, бу қутлуғ сана беихтиёр қалбимизда шукроналик ҳиссини уйғотади, эртанги кунга ишончимизни мустаҳкамлаб, янги мақсад ва марралар сари элтади.

Ҳар биримизни тинчлик, осойишталик деган улуғ неъматни асраб-авайлашга, миллий қадриятларимизни ривожлантириш, ватанпарварлик руҳида яшаш, кексаларни эъзозлаш, шу Ватаннинг фарзанди сифатида унинг бахтли ва фаровон ҳаёти учун фидокорона меҳнат қилишга ундайди. Бу албатта, халқимизнинг асрий орзу-армонлари ушалган кун – Мустақилликдир.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бу эса она Ўзбекистонимиз, унда яшаётган 130 ортиқ миллат ва элат вакилларининг орзу умидлари, мақсад ва интилишларини ўзида акс эттиргани билан аҳамиятлидир.

Бу йил давлатимиз мустақиллигига 31 йил тўлмоқда. Бу шонли сана кўп минг йиллик тарихимиздаги ҳеч қачон унутилмайдиган, қадр-қиммати ва аҳамияти йиллар, асрлар ўтгани сайин тобора ортиб борадиган буюк тарихий воқеадир.

Шуни ҳам алоҳида эътироф этиш жоизки, барча ютуқ ва муваффақиятларимиз манбаи бўлган мустақиллигимиз бугун дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Энг муҳими, одамларимизнинг онги, тафаккури юксалиб бормоқда. Бугун халқимиз юртимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини билдириш баробарида мустақиллик яратиб берган имкониятлар, ўзгаришларни ўз ҳаётида ҳис этиб яшамоқда. Бу эса юртимизда инсон қадри тобора юксалиб, қадрланиб бораётганидан дарак беради. Бу йилги мустақиллик байрами “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғояни ўзида мужассам этгани билан ҳам аҳамиятлидир.

– Бугунги кунда ҳудудимизда 5 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда, – дейди Қораўзак тумани “Қуралпа” овул фуқаролар йиғини раиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Жанабай Адилбаев. – Эътиборлиси, бу ерда нафақат қорақалпоқлар, балки ўзбек, туркман, қозоқ, қирғиз, уйғур миллатига мансуб аҳоли вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2-сектор ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда 37 та “Аёллар дафтари”га киритилган хонадон томорқасидан самарали фойдаланиши ва чорва моллари учун артезиан қудуқлар қазиб берилди. 30 нафар хотин-қизга ўзини-ўзи банд қилиш лойиҳаси асосида тикув машинаси, 15 нафарига 1 миллион саксон минг сўмдан моддий ёрдам пули берилди. Шунингдек, боқувчисидан айрилган, уй-жойга муҳтож 3 нафар аёл ҳамда 3 та ёш оилага жами 6 та уй-жой ҳомийлар томонидан қуриб берилди. Ҳудудимиздаги 6 та қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида ҳомийлар билан биргаликда махсус сув тозаловчи ускуналар ўрнатилди.

Бугун туманнинг ҳар бир ҳудуди янгиланиш, ўзгариш ва бунёдкорликлардан янги қиёфа касб этган. Шаҳардаги бекаму-кўст ҳаёт, турмуш тарзи, имкониятлар бугун овул ҳаётига ҳам кўчди. Мустақиллик, айниқса, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишлар энг чекка ҳудудларда ҳам бўй кўрсатмоқда. Овулларимиз қиёфаси тубдан ўзгарди, коммуникация масалалари ҳам босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Йўллар таъмирланмоқда, янги инфратузилмалар қад ростламоқда. Янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланмоқда. Бир сўз билан айтганда, бугун ҳар бир гўша, ҳар бир ҳудуд обод бўлмоқда, обод манзилларга айланмоқда.

– Давлатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллигини муносиб кутиб олиш ва ушбу қутлуғ санани юксак даражада нишонлаш мақсадида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирларнинг ўтказилиши албатта, халқимизни хушнуд этмоқда, – дейди Хўжайли туманидаги 5-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Қиличбой Қарлибаев. – Қарорнинг имзоланганига қисқа вақт бўлган бўлса ҳам байрам тадбирлари аллақачон бошланиб кетди. “Маънавият фестивали” доирасида туманимизга таниқли илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилар, маданият ва санъат арбоблари ташриф буюриб, улар иштирокида маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, долзарб мавзулар бўйича фикр алмашувлар, маданий тадбирлар ўтказилди. Улар ҳудудимиздаги мактабгача таълим, болалар мусиқа ва санъат мактаби, овул ва маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилди. Мустақилликни тараннум этувчи куй ва қўшиқлар ижро этилди. Бундан халқимиз жуда хурсанд. Бу каби тарғибот тадбирлари халқимизнинг кўнглини, кайфиятини кўтариши билан бирга ватанпарварлик руҳида яшаш, ёшларимизни миллий истиқлол ғояларига ҳурмат, Ватанга меҳр-муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

– Бировга яхшилик илиниш, тинч-тотувликда ҳаёт кечириш, дўстлик, биродарлик каби туйғуларни янада улуғлаш халқимизга хос фазилатлардан, – дейди мўйноқлик меҳнат фахрийси, “Дўстлик” ордени соҳиби Жанабай оға Жусипов. – Айниқса, бу байрам кунлари янада бўй чўзиб, халқимизни бирдамликка, аҳилликка чорлайди. Мен мустақилликнинг гўзал манзараларини, обод манзилларини ўзим туғилиб ўсиб, камолга келган Мўйноқ тумани мисолида кўраман. Узоқ йиллик умрим, фаолиятим давомида Мўйноқнинг бугунги кўриниши, одамларимизнинг яшаш тарзи янгиланганини кўриб, рости ич ичимдан севинаман, хурсанд бўламан. Биласизми, бугун Мўйноқ Президентимиз эътибори ва ғамхўрлиги билан янгича қиёфа касб этди. Мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди. Маданият марказлари, ижтимоий объектлар, йирик корхоналар, турар жойлар, ёшларимизнинг имкониятини ошириш мақсадида қад ростлаган кўпгина бинолар, Амфитеатр, спорт майдончалари, Мўйноқ аэропорти буларнинг барча барчаси шу ерда яшаётган аҳоли, уларнинг бахтли ҳаёти учун қилинаётган саъй-ҳаракатлардир. Ҳозир шифохонадаман. Аммо Мўйноқ ҳақида гап кетганда доимо ўзимни тетик, бардам-бақувват сезаман. Байрам арафасида аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш каби эзгу мақсадларнинг амалга оширилиши юртимизда инсон қадри азиз ва улуғ эканлигини яна бир бор исботлайди.

Дарҳақиқат, кимдир мустақилликни ўз фарзандининг бахти камолида, оиласи хотиржамлигида, кимдир овул-у маҳалласининг равнақида, яна кимдир ушалаётган орзу-мақсадларида кўради. Аммо шуни таъкидлаш жоизки, мустақиллик халқимизнинг бахти саодатини улуғловчи улуғ айём сифатида ҳар биримиз учун қадрлидир. Шундай экан уни янада мустаҳкамлаш, асраб-авайлаш шу юртда яшовчи ҳар бир фуқаронинг инсонийлик бурчидир.

Феруза Нуруллаева,

Қорақалпоғистон Республикаси.

ЎзА