Жорий йилнинг 10-19 август кунлари «Бунёдкор» футбол академиясининг 5 нафар истеъдодли ёш футболчи ва 5 нафар мураббий амалиёт ўташ учун Хорватияда бўлиб келди.

Бу ҳақда «Бунёдкор» футбол клуби бош директори Улуғбек Мирзаев маълум қилди.

Дунёда футбол академиялари ичида олтинчи, Европада учинчи ўринда бўлган «Динамо» футбол академиясида асосий урғу жисмоний тайёргарликка қаратилган экан. Диққатимизни тортган хусусиятлардан бири, улар машғулотларни расмий учрашувлардагидек вазиятларга тенглаштирилган ҳолатлар устида жуда кўп ишлашар экан.

Кўрикка борган ёш иқтидорларни «Динамо» мураббийлари «Динамо» U-17 – «Хрватски Драговоляс» U-19 ўртоқлик учрашувида текширувдан ўтказишди.

Хорватия миллий терма жамоаси собиқ дарвозабони, «ЖЧ-2002» ва 2006, «ЕЧ-2004» иштирокчиси, ҳозирда клуб академияси директори бўлган Томислав Бутин ёш футболчиларимизга яхши баҳо берди.

– Техник тарафдан ўзбекистонлик ёш футболчиларнинг савияси юқори. Таҳлилчиларимиз фикрларига таяниб гапирадиган бўлсам, икки футболчи бизга кўпроқ маъқул тушди. Улар 16 ёшда. ФИФА қоидаларига кўра, халқаро ўтишларга футболчи 18 ёшга тўлганидан сўнг рухсат берилади. Бизга манзур бўлган футболчилар борасида «Бунёдкор» раҳбариятига албатта алоқага чиқамиз, – деди у.

«Бунёдкор» аъзоларининг «Европа футбол майдонларига навбатдаги «юриши» мана шундай воқеликлар билан муҳрланди. Унинг ривожи қандай кечишини, ёш бунёдкорчилар қачондан Хорватия футбол жамоаларида туп тепа бошлашини вақт кўрсатади. Муҳими, Ўзбек футболининг 5 нафар қалдирғочи «Динамо» мураббийлари назарида.

 

Т. Рўзиев, ЎзА