Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котиблари Ўзбекистон раислигида ўтаётган навбатдаги йирик тадбирда иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турибди.

Бугун, 19 август куни котиблар пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, истиқлолимизнинг 30 йиллиги муносабати билан барпо этилган ушбу мажмуадаги Мустақиллик монументи пойига гул қўйдилар.

Уларга мажмуада акс эттирилган тарихий воқеалар мазмуни ҳақида сўзлаб берилди. Юқори мартабали меҳмонлар давлатчилик тарихи, йигирманчи асрда мамлакатимиз мустақиллиги эълон қилинган даврлар, шунингдек, биринчи ва иккинчи Ренессанс тўғрисида билиб олишди.

Бетакрор ёдгорлик юртимизда янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояси билан уйғун ҳолда барпо қилингани таъкидланди. Ушбу монумент тимсолида тарих, бугун ва келажак намоён бўлиши эътироф этилди.

ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котиблари “Янги Ўзбекистон” боғида амалга оширилган ишларни юқори баҳолашди.

Айни пайтда Хавфсизлик кенгашлари котибларининг 17-йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Б.Худойбердиев, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА