ОНЛАЙН

Тошкентдаги Халқаро конгресс холлда ШҲТ Хотин-қизлар Форуми давом этмоқда.

Халқаро форумда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ўтган 21 йил ичида жуда катта эволюцион йўлни босиб ўтгани қайд этилди.

Минтақада хавфсизликни таъминлаш ва барқарор иқтисодий ривожланишга эришиш борасида самарали тузилма сифатида ўзини намоён этди. Айниқса, янги дунё тартиботи шаклланаётган ҳозирги даврда унинг ўрни ва роли тобора ортиб бормоқда.

Сенат раиси Танзила Норбоева Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва конструктив ташқи сиёсий стратегияси охирги беш-олти йил ичида ШҲТ фаолиятида ҳам яққол ўз ифодасини топаётганини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатимиз ташкилот доирасида минтақадаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларига мос келувчи, давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга қаратилган кўплаб долзарб ташаббус ва таклифларни илгари суриб келмоқда.

– Ўзбекистон ШҲТнинг улкан салоҳиятини транспорт ва логистика, инновацион ва рақамли тараққиёт, маданий ва халқчил дипломатия сингари амалий жиҳатдан муҳим соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтириш заруратини очиқ-ойдин баён этиб келмоқда, – деди Танзила Норбоева. – Давлатимиз раҳбари ўтган йили Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитидаги дастурий нутқида тузилма доирасида эътибор қаратилиши зарур бўлган бир қатор конструктив таклифларни илгари сурди.

Жумладан, савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини, транспорт-коммуникациялар ўзаро боғлиқлигини чуқурлаштиришга эътибор марказида бўлди.

Камбағалликни қисқартириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби долзарб соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш муҳим вазифа қилиб қўйилди.

Юқори технологиялар, инновация, маданий-гуманитар, соғлиқни сақлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашда ШҲТ имкониятидан кенг фойдаланиш каби вазифаларга ташкилотга Ўзбекистон раислиги даврида устувор аҳамият қаратилмоқда.

Норгул Абдураимова, ЎзА