Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани Маданият бўлимида Ўзбекистон кинематография агентлиги буюртмаси асосида “Dilshoh media” киностудияси томонидан суратга олинган туманнинг собиқ ҳокими, давлат ва жамоат арбоби, марҳум Ражапбай Йўлдашев ҳақидаги “Эл фарзанди” номли ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди.
“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтказилаётган “Маънавият фестивали” доирасида ташкил қилинган ушбу тадбир аввалида Ражапбай Йўлдашевнинг ҳаёти ва меҳнат фаолиятига доир фотосуратлар кўргазмаси намойиш этилди.
Тақдимотда Ўзбекистон кинематография агентлиги, “Dilshoh media” киностудияси ходимлари, кино, театр, санъат усталари, фильм қаҳрамонининг оила аъзолари, дўстлари, туман зиёлилари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тақдимот маросимида дастлаб фильм ижодкорлари, амударёлик зиёлилар, фильм қаҳрамонининг оила аъзолари сўзга чиқиб, Ражапбай Йўлдашевнинг эл-юрт ободлиги ва халқ фаровонлиги йўлида қилган хизматини ёдга олди.
Ражапбой Йўлдашев 1998 йилда Амударё тумани ҳокими лавозимига тайинлангандан сўнг туман ҳаётида катта ижобий ўзгаришлар қилди. У раҳбарлик қилган йилларда аҳолининг бандлик даражаси ошди. 1998-2016 йилларда 58 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Унинг раҳбарлигида қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ширкат хўжаликларини фермер хўжаликларига айлантириш, ҳақиқий мулк эгалигини қарор топтириш борасида кенг қамровли тадбирларни амалга оширди. 1998 йилгача туманда бирорта ҳам маҳсулот хорижга экспорт қилинмаган бўлса, 2016 йилга келиб 10 дан ортиқ экспортёр корхона томонидан 15 турдаги маҳсулот экспорти йўлга қўйилди. Натижада туман ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳаларда нафақат Қорақалпоғистон Республикаси, балки мамлакатимизнинг бошқа туманлари орасида ҳам ўз ўрнига эга бўлди. Ушбу меҳнатлари учун 1999 йилда “Шуҳрат” медали, 2003 йилда Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи фахрий унвони, 2014 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
Фильм тақдимотида қатнашганлар Ражаббой Йўлдошевнинг улуғвор ишларини ёдга олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА