Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 1–14 август кунлари давомида ички бозордаги асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотларининг улгуржи нархларини таҳлил қилган.

Унга кўра, бу даврда бозорда пиёз 350 сўмга, саримсоқ пиёз 1000 сўмга, булғор қалампири 2 минг сўмга ва узум 9 минг сўмга арзонлаган. Шу билан бирга, банан 2,5 минг сўмга, апельсин 1,5 минг сўмга ва қовун 6,5 минг сўмга қимматлашган.

Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 1-14 август кунлари умумий қиймати 48,6 миллион долларлик ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 миллион долларга кўп жами 62,9 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган. Хусусан, шу даврда 15,4 минг тонна узум, 9,5 минг тонна қовун, 6,6 минг тонна олхўри, 4,4 минг тонна ловия, 3,4 минг тонна анжир, 2,4 минг тонна тарвуз, 1,4 минг тонна қуритилган мева, 1,3 минг тонна сабзи, 1,1 минг тонна майиз 1,0 минг тонна шафтоли ташқи бозорларга етказиб берилган.

Қолаверса, Ўзбекистонга 4,8 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини 3,5 миллион АҚШ долларига импорт қилинган. Бу кўрсаткич, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,9 миллион долларга кўп.

Яна бир маълумот, «Қўйлиқ» бозорига 1-14 август кунлари мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан жами 13,6 минг тонна, хусусан, 5,1 минг тонна картошка, 6,4 минг тонна пиёз, 480 тонна карам ва 1,7 минг тонна сабзи келтирилган. Бундан ташқари, ҳудудлардан «Чорсу» деҳқон бозорига 1-14 август кунлари жами 161,9 тонна, шу жумладан 140,4 тонна мол гўшти ва 21,5 тонна қўй гўшти келтириб сотилган.

Бир сўз билан айтганда, вазирлик таҳлилида фақат қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотлари қаердан қаерга етказиб берилгани ҳақида маълумот берилган. Бироқ, бирламчи озиқ-овқатларнинг нархи нега ошяпти? Бунга нима таъсир қилаётгани тўғрисида маълумот берилмаган. Қолаверса, Ўзбекистон нега 4,8 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини 3,5 миллион АҚШ долларига импорт қилган. Бунинг сабаблари келтирилмаган? Ўйлаймизки, келгуси таҳлилларда бу жиҳатга эътибор қаратилади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА