Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри Мурат Бегимовнинг “Қорқит ота” спектакли билан 32-ижодий мавсумини бошлади.
Қобланбек Қалилаев томонидан саҳналаштирилган спектаклда туркий халқлар ўртасида таниқли сиймо Қорқит отанинг ҳаёт йўлидаги воқеалар қўғирчоқлар орқали ифодаланади. Ажал билан олишиб дунё кезиб, қобиз мусиқа асбобини яратади ва уни авлодларга бир умрга мерос қилиб қолдиради.
Спектаклдаги Қорқит ота ролини Чинғис Алламбергенов, Қора шоҳ ролини Нурсултон Тўраев, отаси ролини Парахат Кулимов, кўр чол ролини Шамсуддин Каламов, шайтонлар ролини Улмекен Қозоқбоева, Насиба Генжебекова ва бошқалар ижро этган.
– Янги мавсумни тарихий асар билан бошлаяпмиз, – дейди театрнинг бадиий раҳбари Қобланбек Қалилаев. – Жорий йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси қўғирчоқ театрларининг анъанавий XIII кўрик-фестивалида ушбу асар билан иштирок этиб, диплом билан тақдирландик. Бундан ташқари ижодий мавсум давомида Салтанат Маткаримованинг “Яхшилик қайтсин”, Мурат Бегимовнинг “Янгиланаётган Мўйноқ” ва бошқа қизиқарли спектаклларни намойиш этиш режалаштирилган.
“Қорқит ота” спектакли жажжи томошабинларга завқ бағишлади.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА