Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш энг устувор масалалардан биридир.

Ўзбекистон Республикаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглик асосида барча инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш мақсадида 2021 йил 7 июнь куни «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенцияни ратификация қилган эди. Ушбу конвенциянинг қоидалари ижросини таъминлаш борасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан «2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси» («Йўл харитаси») лойиҳаси тайёрланган. Миллий ҳаракатлар режасини тузишда барча давлат органлари, хусусан, мамлакатдаги фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаол иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мазкур Миллий ҳаракатлар режаси муҳокама қилинди.

Йиғилишда Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламент комиссияси раиси А.Саидов инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш борасида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Қонунчилик палатаси Кенгаши ҳамда Сенат Кенгашининг қўшма йиғилишларига киритиш лозимлигини таъкидлади.

Парламент комиссияси йиғилишида Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган «Йўл харитаси»нинг ижроси ҳам кўриб чиқилди.

— «Йўл харитаси»нинг 78 бандидан 64 таси бўйича ишлар бажарилган, — деди қуйи палатанинг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шуҳрат Бафаев. — 12 та банд бўйича ишлар давом этаётган бўлса, 6 та банднинг муддати узайтирилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиясида белгиланган 33 қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг 19 таси қабул қилинган ҳолда, 14 тасини ишлаб чиқиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Аммо бажарилаётган ишларнинг аксарияти республика даражасида бўлиб, вилоят ва туманларда, маҳаллий Кенгашларда бу борадаги ишлар суст.

Парламент комиссияси йиғилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиясида белгиланган ва бажарилмай қолган бандларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу масалада сусткашликка йўл қўймаслик ва ушбу ҳужжат ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйган тегишли давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботини бевосита Парламент комиссияси йиғилишида кўриб чиқиш зарурлиги айтилди.

Йиғилишда Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги Халқаро конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ўнинчи-ўн иккинчи даврий маърузаларини кўриб чиқиш якунлари юзасидан БМТ ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якуний мулоҳазалари ва тавсияларини бажариш юзасидан 2020-2022 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасининг ижроси бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ахбороти эшитилди.

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг (Омбудсмани) 2022 йил биринчи ярим йиллик давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан таҳлилий ахбороти эшитилди.

— Омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик гуруҳлари томонидан 2022 йилнинг биринчи ярим йиллик давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 156 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилган, — деди Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) Феруза Эшматова. — Мазкур ташрифлар давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш шароитлари, хусусан, яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар учун олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, коронавирус пандемияси даврида санитария-гигиена талабларига риоя этилаётгани, таълим-тарбия бериш ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилган.

Шунингдек, Омбудсман мурожаатлар бўйича ҳам маълумот бериб ўтди.

Йиғилиш якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан Парламент комиссиясининг тегишли баённомаси тузилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА