Юртимизга ташриф буюраётган меҳмонларни ишончли, барқарор ва арзон нархдаги мобиль алоқа билан таъминлаш мақсадида мамлакатимиздаги аэропорт, автовокзал ва машҳур сайёҳлик масканларида мобиль сим-карталар савдоси бўйича сервис йўлга қўйилади. Улар қимматбаҳо роумингнинг қулай муқобили бўлиб, туристларга маблағини тежаш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан маълум қилишларича, бундай сим-карталарни харид қилиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби имкон даражасида соддалаштирилган бўлиб, бунда сотиб олувчидан фақат паспорт талаб этилади. Айрим сабабларга кўра, мобиль телефони бўлмаган ёки телефонидаги сим-картани алмаштиришни истамаган сайёҳлар учун икки турдаги телефон ёки мобиль роутерни ижарага бериш хизмати тақдим этилади.
Роутер – интернет-трафик пакетини ўз ичига олган, сим-карта бўлган тақдирда Wi-Fi тармоғидан фойдаланиш имконини берувчи қурилма. У бир неча қурилманинг симсиз уланишини амалга ошириб, оилалар ҳамда сайёҳлар гуруҳи фойдаланиши учун қулай ва тежамкор усул ҳисобланади.
“Uzmobile” компанияси махсус тарифларни ишлаб чиққан илк компания бўлди. Тариф 30 кунга мўлжалланган бўлиб, сўзлашув дақиқалари ва интернетга уланиш трафигидан иборат ҳамёнбоп ва қулай пакетни ўз ичига олади. Сим-картага қўшимча равишда брелок ҳам берилади. Калитга илиб қўйиладиган ушбу брелок орқали истаган пайтда ўз телефон рақамини билиш мумкин бўлади.

 

Роман Бондарчук, ЎзА