ФОТОРЕПОРТАЖ

Термиз темир йўл вокзалида қорақалпоғистонлик 100 нафар ўғил-қиз тантанали кутиб олиниб, “Бешбулоқ-Сурхон-Шеробод” оромгоҳига кузатилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан айни пайтда қорақалпоғистонлик ўғил-қизлар ёзги таътилни Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги “Бешбулоқ-Сурхон-Шеробод” болалар оромгоҳида ўтказмоқда. Сўлим ва баҳаво гўшада жойлашган масканда Оролбўйидан келган болаларни мароқли дам олиши учун барча шароитлар яратилган.

– Оромгоҳимизда Қорақалпоғистондан келган ўғил-қизларни мазмунли дам олиши, уларнинг ҳар бир кунини ўзига хос, кўнгилли ўтказиши учун барча шароитлар яратилган, – дейди “Бешбулоқ-Сурхон-Шеробод” болалар оромгоҳи раҳбари Илҳом Шайматов. – Болажонларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун пухта тадбирлар режасини ишлаб чиқилган бўлиб, мавсум давомида турли давра суҳбатлари, қизиқарли учрашувлар, интеллектуал ўйинлар, викториналар ҳамда спорт мусобақалари ўтказилади. Ишонч билан айта оламанки, қорақалпоғистонлик ёшлар ўз уйларига “Бешбулоқ-Сурхон-Шеробод”дан унутилмас таассуротлар билан қайтишади.

Шунингдек, бу ерда болаларнинг билим ва маҳоратини ошириши учун футбол, шахмат, шашка, стол тенниси, волейбол, тасвирий санъат, рақс, адабиётшунослар, рус ва инглиз тили каби тўгараклар ташкил этилган. Ўқувчи ёшлар ўзлари истаган тўгаракларда тенгдошлари билан бирга иштирок этиб, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаши учун кенг имкониятлар  яратилган.

Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат),ЎзА