Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 майдаги “Доривор ўсимликлар хомашё базасидан самарали фойдаланиш, қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Доривор ўсимликлар хомашё базасидан самарали фойдаланиш, касалликларнинг олдини олиш ва даволашда доривор ўсимликларни кенг қўллаш, доривор ўсимликларнинг маданий плантацияларини барпо этаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бугунги кунда режалаштирилган 2010 гектар майдонларнинг 568 гектар ер майдонида қизилмия плантацияси ташкил этиш амалга оширилиб, қолган 1442 гектари куз ойларида экиш режалаштирилди. Бундан ташқари, жорий йилда 20 минг тоннадан ортиқ қизилмия етиштириш режалаштирилиб, шундан 15 минг тоннадан ортиқ яъни 34 миллион долларлик маҳсулот экспортга чиқарилади.
Шунингдек, фармон ижросини таъминлаш доирасида Беруний туманидаги “LICO ROOTS” масъулияти чекланган жамияти Ўзбекистон-Британия қўшма корхонаси томонидан доривор ўсимликлар кластери ташкил этилади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири