Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрида Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ч.Айтматов номидаги давлат мукофоти совриндори Қайрат Иманалиевнинг қаламига мансуб “Қорқит ота” спектаклининг премьераси бўлиб ўтди.
Иқтидорли ёш ижодкор Султанбек Қаллибеков томонидан саҳналаштирилган спектаклда бош қаҳрамон Қорқит ором тополмай, умрбоқий ҳаёт излайди. Дунёнинг қайси чеккасига борса ҳам изидан ажал тақиб қилиб юрганини сезади. Ажал билан олишиб дунё кезиб, қобиз мусиқа асбобини яратади ва уни авлодларга бир умрга мерос қилиб қолдиради.
Спектаклдаги асосий роллар – Қорқитнинг ёшлигини Позил Толегенов, кексалигини Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Жигарбой Абдимов, онаси ролини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Лиза Халқназарова, бой Айбек Хожамуратов, фаришта Рози Пиязова, Қорқитнинг шогирдлари ролини Рахман Ўринбоев, Наврўз Аймуратов, Ислом Бегжанов ва бошқалар ижро этган.
Премьерадан сўнг қорақалпоғ ва қирғиз халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ришталари ҳақида сўз борди. Ч.Айтматовнинг “Оқ кема”, “Жамила”, Биринчи муаллим” ва бошқа асарлари қорақалпоқ тилига таржима қилинганининг ўзи қирғиз халқига, унинг бетакрор адабиёти ва маданиятига бўлган улкан ҳурматнинг ёрқин ифодасидир.
Ч.Айтматовнинг 90 йиллиги муносабати билан Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган “Айтматов ва театр” халқаро театрлар фестивалида Бердақ номидаги академик мусиқали театри жамоаси ҳам иштирок этиб, учинчи ўринни эгаллаб қайтди.
“Қорқит ота” спектакли халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва маданий муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА