Давлатимиз раҳбарининг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви давом этмоқда.

Маълумки, демократик ва инсонпарвар ғояларни олий қадрият даражасига кўтарган дунёдаги аксарият давлатларда ўлим жазоси бекор қилинган. Чунки яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган.

– Агар сизлар қўллаб-қувватласангиз, Конституциямизга “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”, деган яна бир муҳим нормани киритишни таклиф қиламан, – деди Президент. – Шу тариқа биз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигимизни, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканимизни бутун дунёга яққол намоён қиламиз.

Президент Халқ қабулхоналарига келаётган кўплаб мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шахс қўлга олинганда, у нима учун ушлангани ва қандай ҳуқуқларга эга экани тушунтирилмайди.  Натижада гумон қилинувчининг ҳуқуқлари ушланган дастлабки вақтдаёқ хавф остида қолади.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс этган “Миранда қоидаси”ни қўллаш лозимлиги қайд этилди.

Яъни, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши шарт. Давлатимиз раҳбари ана шу қоидани Конституциямизда муҳрлаб қўйишнинг вақт-соати келганини таъкидлади.

Бундан ташқари, “Хабеас корпус” институтини ривожлантириш зарур. Яъни, шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмас.

Агар суд томонидан шахсни ҳибсга олиш ёки унга нисбатан бошқача турдаги озодликни чеклаш ҳақида қарор белгиланган муддатда қабул қилинмаса, бундай шахсни дарҳол озод қилиш керак. Бу ҳақдаги муҳим нормани ҳам Асосий қонунимизда акс эттиришимиз зарур.

Бундай қоидалар инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият деган юксак тамойилга ҳар томонлама мос келади.

– Эсингизда бўлса, Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган маросимда яқин қариндошлари судланган, деб фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик билан боғлиқ масалага алоҳида тўхталган эдим. Бундай номаъқул ёндашув туфайли кўплаб ёшларимиз, малакали мутахассисларимиз айбсиз айбдор бўлиб, яқин қариндошлари содир этган қилмишлар учун жабр тортиб келаётган эди. Нима сабабдан бир жиноят учун бутун авлод жавоб бериши керак? Отасининг қилмиши учун нега фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши лозим? Бундай адолатсиз “тизим”дан энди бутунлай воз кечамиз, – деди Президент. –Шу боис, Конституциямизга “Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас”, деб қатъий ёзиб қўйишимиз керак.

Шунингдек, “Озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабат ва уларнинг қадр-қиммати таъминланиши шарт”, деган норма ҳам Асосий қонунимизда ўз аксини топиши зарур. Биз жазо муддатини ўтаётганларни ҳам қайта тарбиялаб, улар соғлом ҳаётга қайтиши учун барча чораларни кўришимиз лозим.

ЎзА