ТАҲРИРИЯТЛАР ВА БАРЧА ЖУРНАЛИСТЛАР ЭЪТИБОРИГА

Алифбо ва имлога муносабат ҳар бир миллатнинг юксалганлик даражасини белгилаб берувчи энг муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади. Аввал ҳам ёзганимиздек, алифбо ва имлога оид иккиланишлар камол топаётган авлод тафаккури бутунлигига путур етказади. Биз яшаб турган жамиятда мана шу кўзга кўринмас муаммонинг таъсири аста-секин сезилмоқда. Билимдон ёшларнинг шахс даражасига кўтарилишолмаётганига алифбо ва имло орқали онгга кўчаётган иккиланишлар ҳам сабаб бўлмоқда. Албатта, алифбо ва имлога тааллуқли муаммоларни бирдан ҳал қилиш қийин. Аммо айрим муаммоларни эътиборли бўлишнинг ўзи билан бартараф этиш имкони мавжуд. Бу ўринда биз 1995 йил 24 августда тасдиқланган имло қоидаларининг 71- ва 74-моддаси билан боғлиқ муаммоларни назарда тутмоқдамиз.

Гап шундаки, янги имло қоидаларининг 71-моддаси охирги хатбошисида вазирликлар ва идоралар, корхоналар ва ташкилотлар номи таркибидаги биринчи сўз бош ҳарф билан ёзилиши таъкидланган ва Фанлар академияси, Тилшунослик институти каби мисоллар келтирилган.

Демак, бу ўринда вазирликлар ва идоралар, корхоналар ва ташкилотлар номи олдидан келадиган жой номлари назарда тутилмаган. Мазкур моддага мувофиқ, юқоридаги мисоллар кенгайтирилган ҳолда Ўзбекистон Фанлар академияси, ЎзФА Тилшунослик институти, деб ёзилиши керак. Модда ва мисолларга таяниб бошқа олий ўқув юртларининг номларини қандай ёзиш кераклигини билиб оламиз. Масалан: Ўзбекистон Миллий университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент Давлат Техника университети каби. Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек. Бироқ фактларга мурожаат қилсак, бошқача манзарага гувоҳ бўламиз. Афсуски, деярли, барча нашрлар олий ўқув юрти номлари имлосида фақат жой номларини бош ҳарфлар билан ёзишмоқда. Масалан: Тошкент давлат ўзбек тили ва адбиёти университети, Урганч давлат университети каби. Шу тариқа 71-модданинг охирги хатбошисидаги қоида бузилмоқда. Ҳамкасбларимизни бу хусусда огоҳлантирганимизда улар янги имло қоидаларининг 74-моддасини рўкач қилишмоқда. Ўша моддада ТошДТУ қисқартма оти Тошкент давлат техника университети тарзида ёзиб қўйилган.

Кўриниб турибдики, икки модда бир-бирини инкор этмоқда ва бирор моддада мамлакат миқёсидаги ташкилотлар номидаги «Давлат» сўзи, расмий ҳужжатлардаги «Қонун», «Фармон», «Қарор» каби сўзлар бош ҳарф билан бошланиши эслатилмаган. Ўйлаймизки, юқорида тилга олинган муаммолар жамоатчилик эътиборидан четда қолмайди ва юксак тараққиёт сари талпинаётган тилимиз мусаффолиги учун ҳаракатлар бардавом бўлади.

Муҳаммад Вали
«Репетитор» газетаси лойиҳа муаллифи. 

 

ЎзА