Теннис бўйича АТР ва WTA томнидан ўтган ҳафтада АҚШ, Аргентина ва Қатарда нуфзули турнирлар ўтказилди.
АҚШда ўтказилган “New York Open – 2018” турнирининг яккалик баҳсларида ЖАР вакили Кевин Андерсон мезбон теннисчи Сэм Куэррини финалда 4:6, 6:3, 7:6 ҳисобида мағлубиятга учратиб, мусобақа бош совринини қўлга киритди.
Шунингдек, турнирнинг жуфтлик баҳсларида австриялик Филипп Освальд ва беларуслик Макс Мирний ғалаба қозонди.
Австриялик Доминик Тим эса “Argentina Open – 2018” турнирининг финал учрашувида словениялик Альяж Беден устидан 6:2, 6:4 ҳисобида зафар қучди. Аргентиналик Андрес Молтени ва Орасио Себальос Буэнос-Айрес шаҳри мезбонлик қилган халқаро турнирнинг жуфтлик баҳсларида бош совринга эга бўлди.
Чехиялик теннисчи Петра Квитова аёллар ўртасидаги “Qatar Total Open – 2018” турнирининг финалида испаниялик Гарбин Мугурусани 3:6, 6:3, 6:4 ҳисобида енгди ва бош соврин соҳиби бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА