Нукус шаҳридаги 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ёшлар ўртасида мини футбол ва футбол бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кубоги учун мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, спортчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътиборга тўхталди. Мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

Анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган ушбу мусобақа уюшмаган, кам таъминланган ва ишсиз ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, шунингдек, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, чекка ҳудудларда мини футбол ва футболни оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлашга хизмат қилмоқда.

Мусобақаларда шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 17 та маҳалла, овул ҳамда шаҳарча фуқаролар йиғини жамоалари иштирок этади. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, футбол бўйича мусобақалар бугун  8 июнь куни, мини футбол бўйича мусобақалар 14 июнь куни бошланади.

Ғолиб жамоалар  август ойида бўлиб ўтадиган финал босқичига йўлламани қўлга киритади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, 
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА