Президент раислигида хизматлар соҳасида амалга оширилаётган ишлар, йил якунига қадар режалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбари кўчма ва енгил конструкцияли савдо фаолияти учун талабларни соддалаштириш вазифасини қўйди.

Жумладан, уй-жой мулкдорлари ширкатлари, маҳалла, ободонлаштириш ва йўл ташкилотларига ўз ер майдонларида мавсумий кафе ва савдо нуқталарини ташкил этишга рухсат берилади.

Бунда, кўчма савдо объектларини иш куни якунлангач, кўчириш бўйича мажбурий талаб бекор қилиниб, тадбиркорларга мобиль контейнерлар ўрнатиш ҳуқуқи берилади.

2017 йилда бозорларни реконструкция қилиш ва замонавий савдо комплексларини қуриш дастури қабул қилинган эди.

Лекин Зангиота, Қибрай, Оҳангарон, Бахмал, Ғаллаорол, Дўстлик, Чортоқ, Хатирчи ва Нуротада бозорлардаги аҳвол, уларнинг санитарияси ва архитектурасидан одамлар норози экани қайд этилди.

Беш йиллик тажрибадан келиб чиқиб, бозорларни ривожлантириш дастурини, шунингдек, маданият ва истироҳат боғларида сервисни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.

ЎзА