Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. Атоқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, академик Азизхон Пўлатович Қаюмов 92 ёшида вафот этди.

А.Қаюмов 1926 йили Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида зиёли оиласида туғилди. 1949 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетини тамомлади.

Бўлғуси олим ўз меҳнат фаолиятини 1949 йили Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида илмий ходим сифатида бошлади. 1954 йилда номзодлик, 1962 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

А.Қаюмов узоқ йиллар Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти директори, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети бўлим мудири, Маданият вазири, Давлат кинематография комитети раиси, Тошкент давлат маданият институти ректори, Ўзбекистон Фанлар академияси Қўлёзмалар институти директори каби масъулиятли лавозимларда самарали хизмат қилди. 1995-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати сифатида фаолият олиб борди.
1998 йилдан ҳаётининг охирги кунларигача Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейининг етакчи илмий ходими вазифасида сидқидилдан меҳнат қилди.

ХХ аср ўзбек адабиётшунослигининг улуғ намояндаси Азизхон Қаюмов юксак интеллектуал салоҳият соҳиби, атоқли олим, заҳматкаш ва толмас тадқиқотчи сифатида Алишер Навоий ва мумтоз адабиётимизнинг бошқа вакиллари асарларини пухта ўрганиб, бу улкан адабий меросни халқимизга етказишда ҳақиқий фидойилик ва маънавий жасорат кўрсатди.

Устоз адабиётшуноснинг ўзбек адабиёти тарихини ўрганиш бўйича олиб борган илмий тадқиқотлари, ўн жилдлик “Танланган асарлар” тўплами, шунингдек, “Навоийга таъзим”, “Алишер Навоий”, “Дилкушо такрорлар – руҳафзо ашъорлар”, “Аҳмад Фарғоний” каби кўплаб сермазмун асарлари китобхонларнинг маънавий мулкига айланди.

Ёрқин истеъдод ва тафаккур эгаси бўлган академик олим ўз фаолияти мобайнида кўплаб ёшларга устозлик қилди. Унинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланди.

Азизхон Қаюмов умрининг охирига қадар юртимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида фаол иштирок этди. У ўзининг теран ақл-заковати, бетакрор истеъдоди, меҳнатсеварлиги, бағрикенглик ва меҳр-оқибат каби инсоний фазилатлари билан адабиёт ва санъат мухлислари, ёшлар орасида, бутун халқимиз ўртасида катта ҳурмат-эътибор қозонган эди.

Академик А.Қаюмовнинг мамлакатимиз илм-фани, адабиёт ва санъатини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган эди.

Атоқли олим, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Азизхон Қаюмовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов,
 
А.Арипов, Б.Йўлдошев, М.Аҳмедов, Б.Назаров