Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Ш. Уалиханов номидаги майдонда «Олмаота китоб ярмаркаси» бўлиб ўтди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маълумотига кўра, мазкур тадбирда иштирок этаётган Россия, Қирғизистон давлатлари, шунингдек, Қозоғистондаги 50 дан ортиқ маҳаллий нашриёти ва китоб савдо ташкилоти қаторида Ўзбекистон миллий стенди ҳам ташкил этилди.

Ушбу стендда ўзбек ноширлари томонидан сўнгги йилларда нашр этилган сара адабиёт намуналари тадбир иштирокчилари ва ташриф буюрувчиларга намойиш этилди.

Мазкур китоб ярмаркаси китоб савдосини ривожлантириш, ноширлик ва китоб савдосида эришилган сўнгги ютуқлар билан яқиндан танишиш, соҳадаги мавжуд муаммоларга ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш орқали ечимлар топиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, китобхон ва муаллифлар ўртасида бевосита жонли мулоқот майдонини яратиш, маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади – деди АОКА масъул ходими А.Жўраев.

Уч кун давом этган китоб ярмаркасида қўшни давлатлар вакиллари ҳамда тадбир иштирокчилари томонидан Ўзбекистон миллий стендига, жумладан, намойиш этилган китобларга катта қизиқиш билдирилди.

Ўтказилган тадбир давомида ўзбек адабиётининг сара намуналарини қозоқ ва қирғиз тилларига таржима қилиш ҳамда нашр этиш борасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

   Н.Усмонова,
    ЎзА