Тошкент шаҳрида 1 июнь куни Ўзбекистон – Тожикистон бизнес-форуми ва икки мамлакат ишбилармонларининг B2B шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди.
Тожикистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи арафасида ўтказилган ушбу тадбир мамлакатларимиз иқтисодий салоҳияти ва кўп қиррали ўзаро ҳамкорлиги кўламини яққол намоён этди.
Икки давлат вазирлик ва идоралари, бизнес доиралари ҳамда саноат бирлашмалари вакилларидан иборат 200 дан зиёд ишбилармон иштирок этган анжуманда савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.
Форумда томонлар делегацияларига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид бошчилик қилди.
Икки мамлакат делегациялари раҳбарлари иқтисодий муносабатни кенгайтириш, юқори технологияли қўшма ишлаб чиқариш объектларини яратиш, юқори талабга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва бозорга етказиб бериш бўйича кооперация алоқаларини ўрнатиш учун улкан имконият мавжудлигини қайд этди.
Мулоқот чоғида яқин келажакда ўзаро савдони ривожлантириш ва саноат кооперациясини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида “Ойбек” ва “Фотехобод” назорат пунктларининг ёнида “Ўзбекистон – Тожикистон” чегараолди савдо-саноат зонасини ташкил қилиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Қайд этилишича, ушбу ҳудудда ишлаб чиқариш объектлари, логистика марказлари ва зарур инфратузилма жойлашган бўлади.
Мулоқот чоғида икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида енгил саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, электротехника, тоғ-кон саноати ва энергетика соҳалари санаб ўтилди.
2021 йилда хусусий сектор лойиҳаларини қўллаб-қувватлашнинг самарали воситаси сифатида ташкил этилган Ўзбекистон – Тожикистон инвестициявий компаниясининг имкониятлари таъкидланди.
Бизнес-форум давомида транспорт ва логистика ҳамда ҳудудлараро ҳамкорлик соҳаларидаги қўшма лойиҳа ва ташаббуслар ҳақида ҳам сўз юритилди.
В2В шаклидаги учрашувлар икки томон бизнес вакилларига ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этиш, экспорт салоҳияти ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашиш имконини яратди. Форум натижасида қатор инвестиция битимлари ва савдо шартномалари имзоланди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА мухбири