Президент раислигида ўтказилаётган йиғилишда қабул қилинадиган қарорлар билан керакли шарт-шароитлар яратиб берилиши таъкидланди.

Энг аввало, саноат зоналарида бўш турган 6,6 минг гектар майдоннинг электр, сув, йўл ва бошқа инфратузилма масалалари ҳал қилиб берилади.

Президент топшириғига асосан махсус ишчи гуруҳ саноат зоналарининг инфратузилмасини хатловдан ўтказди ва туманма-туман лойиҳалар рўйхатини шакллантирди.

Шу муносабат билан мутасаддилар, вилоят ҳокимларига:

–  бир ой муддатда 40 та саноат зонасидаги 120 километр йўл бўйича пудратчиларни аниқлаб, қурилиш ишларини бошлаш;

–  1 октябрга қадар 246 та саноат зонасини электр тармоғи, трансформатор ва подстанциялар билан таъминлаш;

–  жорий йилда 200 та саноат зонасида 555 километр сув тармоғи ва 110 та сув иншоотини қуриб якунлаш топширилди.

Умуман, саноат зоналари инфратузилмасини яхшилаш учун жорий йилда 1,5 триллион сўм ёки 2021 йилга нисбатан 2 баравар кўп маблағ ажратилиши белгиланди.

Йиғилишда ҳокимларнинг ажратилаётган маблағлар ҳисобидан иш ўринлари яратиш бўйича режалари қониқарсиз эканлиги, бир ҳафта муддатда ушбу режаларни ажратилаётган маблағларга мос равишда қайта кўриб чиқишга топшириқ берилди.

Умуман, вилоят ҳокимлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги йил якунига қадар саноат зоналарида 2 мингта янги лойиҳани ишга тушириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Вилоят ҳокимлари олдига бу лойиҳалар ҳисобига қўшимча 110 мингта иш ўрни яратиш, 17,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, камида 1 миллиард долларлик экспорт қилиш учун шароит яратиш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, инфратузилмаси ҳал этилган саноат зоналарида 1 мингдан зиёд янги лойиҳага етадиган ер майдонлари мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Икки ой муддатда 174 та махсус зонада камида 250 та ер майдонини аукционга чиқариб, лойиҳаларни бошлашга кўрсатма берилди.

ЎзА